Жорий йилнинг 15-19 октябрь кунлари дунё кураш ихлосмандларининг, миллионлаб курашчиларнинг диққат эътибори Термиз шаҳрига қаратилади.
Халқаро кураш ассоциацияси тақвимидан ўрин олган йилнинг энг нуфузли иккита кураш мусобақасига Термиз шаҳри мезбонлик қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун «World Series Pro» халқаро турнирининг финал босқичи ва ал Ҳаким ат-Термизий халқаро мусобақаларида сайёрамизнинг энг кучли полвонлари баҳсларга киришади.
Халқаро кураш ассоциацияси хабарига кўра, дастлаб кураш байрамини «World Series Pro» халқаро турнири бошлаб беради.
Давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори, миллий спортимиз курашнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш мақсадида икки йилдан бери анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур турнирнинг финал босқичига Осиё, Европа, Африка ва Пан-Америка қитъасидан сараланган 80 нафар курашчи Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун кураш олиб боради.
Халқаро кураш ассоциацияси рейтинг тизимига биноан ҳар бир вазн тоифасида энг юқори балларга эга 8 нафар курашчи финал босқичида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади. Рейтинг баллари эса йил давомида ўтказилган қитъа чемпионатлари, халқаро турнирлар ва сўнгги жаҳон чемпионатида эришилган натижаларга асосан белгиланади.
Термиз шаҳридаги Алпомиш ўйингоҳида бўлиб ўтадиган «World Series Pro» турнирининг умумий соврин жамғармаси 170 минг АҚШ долларини ташкил этади.
Ҳар бир вазн тоифасида 1-ўрин соҳиблари 10 минг, 2-ўринни қўлга киритганлар 5 минг ва 3-ўрин соҳиблари минг АҚШ доллари билан тақдирланади.
Эркаклар -66, -73, -81, -90, -100 ва +100 килограмм, аёллар -52, -63, -78 ва +78 кило оғирликда ўтадиган баҳсларда иштирок этади.
Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ал Ҳаким ат-Термизий халқаро турнири 18 октябрь куни ўтказилиб, унинг умумий соврин жамғармаси 130 минг АҚШ доллари этиб белгиланган. Мазкур йўналишда бош совринни қўлга киритган курашчи Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини бўлган 20 минг АҚШ долларига эга чиқади.
Мутлақ вазнда 2-ўрин соҳиби 10 минг, 3-ўрин соҳиблари 5 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотини қўлга киритади.
Шунингдек, бошқа вазн тоифаларида ғолибликка эришган курашчи 5 минг, 2 ўрин соҳиблари 2 минг 500 ва 3-ўрин эгалари минг АҚШ доллари мукофотлари билан тақдирланади.
Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Сурхондарё вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон кураш федерацияси томонидан ушбу нуфузли мусобақаларни юқори савияда ўтказиш борасида қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА