АҚШ Нью-Йорк шаҳрида, БМТ бош қароргоҳида ташкилотнинг юқори даражали ҳафталиги бўлиб ўтди. Тадбирга дунёнинг кўплаб давлатлари раҳбарлари, сиёсий арбоблар ташриф буюрган. Уларнинг ҳар бири олий минбардан туриб дунёда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, кечаётган қуролли можароларга чек қўйиш, халқлар ўртасида бирдамликни мустаҳкамлаш, иқлим ўзгариши оқибатини, сайёрамизда қашшоқлик ва очарчиликни бартараф этиш, экология муаммоси ва сўнгги пайтда халқаро ҳамжамиятни қаттиқ хавотирга солаётган сунъий интеллект билан боғлиқ масалалар, хуллас дунё аҳлини қаттиқ ташвишга солаётган ўта долзарб мавзуларга нисбатан қараш ва ёндашувлар баён қилинган маърузаларини тақдим этди.
Бу нутқлар еўпчиликка шунчаки ҳисобот эмас, балки инсониятнинг кейинги ҳаётидан хавотир, тушкунлик, умидсизлик нидосидек туюлмоқда.
– БМТ Низоми ва резолюциялари, шунингдек халқаро ҳуқуқ меъёри асосида адолатли тинчлик ўрнатиш вақти келди, – деди Бош котиб Антониу Гутерриш умумий муҳокамада сўзга чиқиб.
У дунёдаги кескин вазият ҳақида, жумладан, шундай деди:
– Дунё портловчи модда билан тўлдирилган идиш ҳолатига келяпти. Давом этаётган урушлар ва “ядро қиличи шовқини” туфайли сайёрамиз шундай вазиятга тушиб қолди. Геосиёсий бўлиниш чуқурлашмоқда, ер юзи қизиб боряпти. Урушлар авж олмоқда, можаролар қандай тугашини ҳеч ким билмайди. Ядровий ва бошқа турдаги янги қуроллар пайдо бўлиб, тасаввур қилиш қийин ҳолатга яқинлашяпмиз. Ҳозирги беқарор аҳвол шундай давом этиши мумкин эмас. Бинобарин, ҳали барча муаммоларни ҳал қилиш имкони ҳам бор.
У БМТ ХКни ислоҳ қилиш зарурлиги ҳақида ҳам гапирди:
– Хавфсизлик Кенгаши Иккинчи жаҳон уруши ғолиблари томонидан тузилган. Ўша вақт Африканинг катта қисми мустамлакачилар ҳукмронлиги остида эди. Афсуски, ушбу қитъа ҳамон дунёдаги энг йирик тинчликпарвар кенгашда доимий ўринга эга эмас. Бу ҳолат ўзгариши керак, чунки сўнгги пайт ташкилот дунё хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлашга ожизлик қиляпти.
– Сўнгги йилларда асосий миссиясини етарли даражада бажара олмаётган БМТ фаолияти борган сари сустлашмоқда, – деди Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған. – Исроил ҳукумати инсон ҳуқуқларини менсимай, этник тозалаш сиёсатини юритяпти. Бутун бир халққа қарши очиқ геноцид амалга ошириб, бошқа давлат ҳудудларини босиб олмоқда.
Шунингдек, у Россия ва Украинани дипломатик йўл билан можарони тезроқ тугатишга чақирди.
– Инсониятнинг “қоронғи даври” бошланди, – дейди Сальвадор Президенти Найиб Букеле. – Бу белги эркинлик бузилиши, халқаро можаролар кўринишида намоён бўлмоқда.
Сальвадорликлар таназзул аломатини кузатяпти. Биз ҳаммасини, масалан халқимиз қулаши босқичларини бирин-кетин бошдан кечирганмиз. Ва ҳозир худди шу нарсани яна кўряпмиз, фақат бу гал глобал миқёсда. Бошқа мамлакатларга нима қилиш кераклигини айтолмаймиз ва айтмоқчи ҳам эмасмиз. Ҳар бир давлат ўзи қарор қабул қилиши, халқи учун энг қулай йўлни танлаши керак. Биз фақат қоронғи кунлардан ўтган, ҳаёти учун курашган дўст сифатида огоҳлантиришимиз мумкин. Бу вазиятдан чиқиб кетинг. Замонавий дунё мисли кўрилмаган тезликда “бўлинган, тушкунликка тушган, хавотирли, ўзаро душман ва умидсиз” бўлиб қолган. Эркин дунё энди озод эмас. Халқаро майдонда янги урушлар таҳдиди сақланиб қолмоқда. Шу билан бирга дунёнинг ўзини етакчи санаган шаҳарларида дўкондор маҳсулотини қароқчидан яширади, одамлар кўчада эркин юра олмайди. Биз аниқ вақтда сўз эркинлиги емирилишига гувоҳ бўляпмиз. Бундан атиги ўн йил олдин Ғарб сўз эркинлиги қалъаси эди. Ҳозир эса бир пайтлар ўзи қоралаганлар томонида туриб маъруза ўқияпти. Дунёдаги энг йирик ижтимоий тармоқ ўз фойдаланувчиларига нисбатан, ҳукумати илтимосига биноан, цензура қўлламоқда. Ғарб мамлакатлари фуқаролари ижтимоий тармоқда постни қайта жойлаштиргани учун ҳибсга оляпти. Ҳукмрон партия сиёсий мухолифатни тақиқлашга ҳаракат қилмоқда. Бу жараён анча олдин бошланган, фақат сўнгги йилларда тезлашанлиги сабабли энди яққол сезяпмиз. Айни вазият биз қоронғи бурилиш нуқтасига яқинлашаётганимизни англатади.
Бразилия Президенти Луис Инасиу Лула да Сильва БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқида Украинадаги можарога тўхталиб, “ҳеч бир томон мақсадига ҳарбий йўл билан эриша олмаслиги аллақачон аёнлигии”ни таъкидлади.
– Борган сари вайронкор қуроллар кўп қўлланиши совуқ уруш давридаги бефойда қарама-қаршиликнинг энг қоронғи даврларини эслатади, – деди у. – Тўғридан-тўғри мулоқотни қайта тиклаш учун шароит яратиш томонлар учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Колумбия Президенти Густаво Петронинг қуйидаги сўзлари ҳам эътиборга молик:
– Ер юзидаги ҳокимиятни кўпчиликнинг фикрига қулоқ солмайдиган бузғунчи кучга эга давлатлар, йирик капитал эгалари ўзларнга тегишли оммавий ахборот воситалари кўмагида бошқаради. Бундай давлатлар раҳбарлари инсониятнинг демократик лойиҳаларини йўқ қилмоқда, эркинликни ҳисобга олмасдан, дунёни ўзгартирмоқда, вайрон қилмоқда.
Президентнинг мулоқот қилиш қобилияти унинг бюджетидаги маблағ қиймати, қўлидаги жанговар самолётлар сони ва пировардида мамлакатининг инсониятни йўқ қилиш қобилиятига боғлиқ бўлиб қолди. Шунинг учун биз Ғазо секторидаги геноцидни тугатиш учун овоз берганимизда дунёнинг кўпчилик президентлари ва вакиллари қулоқ солишмайди.
Сиёсатчининг сўзларига кўра, Ғазода 20 минг бола ҳалок бўлганига қарамай, “инсониятни йўқ қилаётган мамлакатлар президентлари” БМТ бош қароргоҳи йўлакларида кулиб туришибди, чунки уларни жаҳоннинг йирик капитали,ОАВ қўллаб-қувватламоқда.
– Улар дунёни демократик ва эркин йўл билан ўзгартирмаяпти, – қўшимча қилди Петро. – Инсониятнинг демократик лойиҳаси ҳаёт билан бирга нобуд бўлмоқда, ирқчилар, арийларни олий ирқ дея аҳмоқона ишонадиганлар дунёда ҳукмронлик қилишга тайёрланмоқда.
Колумбия Президенти фикрича, Ғазо ва Ливаннинг бомбардимон қилиниши ваҳший усуллар орқали инсоният устидан назорат кенгайиб бораётганини кўрсатади:
– Бир фоиз одам бутун инсониятнинг 95 фоизидан кўпроқ бойликка эга. Тарихан энг юқори даражага етган бу тенгсизликда иқлим инқирози ва глобал ҳалокат мантиғи намоён. Шунингдек, жиноятчи Нетаньяхунинг Ғазо секторига ёғдираётган бомбалари мантиғи ҳам шу билан боғлиқ. Нетаньяху инсониятнинг 1 фоиз бойлари учун қаҳрамон, чунки у халқларни қандай қилиб бомбалар ёмғири остида йўқ қила олишини кўрсатди. Глобал олигархия инсониятни йўқлик сари етакламоқда, сиёсат эса таъзим қилиб, эркинлик ва халқ ҳокимияти, демократия ғоясидан бутунлай воз кечмоқда. Агар ҳукуматлар муваффақиясизликка учраган, бомба, уруш, ҳис-туйғу билан ўйнашиш, ўғил-қизларни ўлдиришга қарор қилган бўлса, инсониятнинг буюк муаммоларини ҳал қилишни оддий одамлар ўз қўлига олиш вақти келган. Бутун дунё халқи бефарқ ҳукмдорларга эмас, ўзимиз – оддий одамларга мурожаат қилайлик. Зеро, умумий ҳаракатни мувофиқлаштириш, инсониятнинг ҳақиқий демократик кучини кўрсатиш янги ҳукуматлар лидерларини пайдо қилади. Агар ҳаёт йўқликка элтувчи йўлдан қайта олса, глобал олигархия енгилади, глобал демократия томонидан ағдарилади.
Хулоса шуки, БМТ БАнинг бу галги юқори даражадаги ҳафталиги ўта зиддиятли даврга тўғри келди. Украина – Россия можароси, Яқин Шарқда юзага келган мураккаб вазият, хусусан Исроилнинг Ғазо секторида амалга ошираётган қирғинбарот ҳужумлари, устига-устак бу қарама-қаршилик олови энди Ливан ҳудудига кўчгани, ҳатто Хавфсизлик Кенгаши ҳам ушбу муаммоларни ҳал қилишга ожизлик қилаётгани давримиз аянчли бир аҳволга келганини кўрсатмоқда.
С.Раҳимов,
ЎзА