Ҳар йили 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар, мураббийлар Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани марказида ўрнатилган “Устозга эҳтиром” ҳайкали пойига гуллар қўяди. Муаллим ҳурматига ўрнатилган ушбу ҳайкал мамлакатимизда ягона бўлиб, яратилишининг ўзига хос тарихи бор.
2001 йилда туманда марҳум хонанда Отажон Худойшукуров ижодига бағишланган катта тадбир ўтказилади. Унга Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Омон Матчон, Усмон Азим, Муҳаммад Юсуф, Матназар Абдулҳаким, Ошиқ Эркин каби таниқли ижодкорлар ташриф буюради. Шоирлар кетма-кет гўзал шеърлари билан йиғилганларни хушнуд қилади. Шеър ўқиш навбати хоразмлик шоир Матназар Абдулҳакимга берилади.
Шоир минбарга чиқиб бироз ўйланиб туради-да, «Биринчи ўқитувчимга бағишланган шеъримни айтиб бермоқчиман» дейди. Шоир бутун вужуди билан “Дарсдан сўнг” номли шеърини ўқийди. Шунда залда йиғламаган киши қолмайди. Шеър таъсиридан ҳамманинг юраклари ларзага келган эди.
Шеърнинг қисқача мазмуни қуйидагича:
Воқеа олис қишлоқларнинг бирида юз берган. Битта муаллима узоқ қир ошиб, мактабга қатнаб, болаларга дарс ўтар эди. Бир куни у ўқувчиларга иншо ёздиради. Бутун синфдан 7 нафар ўқувчи иншо ёзмай қолади. Муаллима эртага, албатта, ёзиб келинг, деб танбеҳ беради. Қолган ўқувчиларнинг дафтарларини йиғиб олиб, уйига қайтмоқчи бўлади. Қараса, кун кеч бўлиб қолган. Ҳар куни келиб олиб кетадиган турмуш ўртоғи эса бугун келмаган. Ҳамкасблари “Бугунча бизникида қолинг, кун кеч бўлиб кетди” деб қистаса ҳам у йўлга чиқади. Йўлда кетаётиб хаёлига турли ўйлар келади.Нимага эри келмади экан-а? Ёки ўғлим хасталаниб қолдимикан?
Нима бўлса ҳам уйга тезроқ етай деб ўнқирми, чўнқирми, ўрми, қирми, қарамасдан шошилиб кетар эди. Бирдан изидан бир қора эргашиб келаётгандай туюлади. Не кўз билан кўрсинки, изига оч қашқир тушган экан. Эсига қашқирнинг оловдан қўрқиши келади ва қўлтиқлаб келаётган дафтарларни ёқа бошлайди. Дафтарни ёққанда қашқир ҳам тўхтайди. Ўзи ҳам юрагини босиб олади.
Овулга етай деганда муаллимда дафтар тугайди, қашқирда эса тоқат…
Агар шу куни қолган 7 нафар ўқувчи ҳам иншони ёзиб топширганда эди, муаллим омон қолармиди?
Эртасига муаллимнинг жанозасида бутун халқ йиғлайди, ҳаммадан баттар етти нафар ўқувчи, жумладан, улардан бири шеърдаги лирик қаҳрамон ҳам ўксиб-ўксиб йиғлайди.
Тадбирда ўқилган ушбу шеърдан ўша пайтдаги туман ҳокими Неъматулла Худойбергенов ҳам жуда таъсирланади ва муаллимага ҳайкал ўрнатиш ғоясини илгари суради.
Шундай қилиб, 2003 йил “Устозга эҳтиром” ҳайкали бунёд этилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири