Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида “Жамиятда радикаллашув, ёшлар онгининг бузғунчи, ёт ғоялар билан заҳарланиши, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишнинг олдини олишга қаратилган устувор вазифалар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Давлат хавфсизлик хизмати Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси, Ички ишлар вазирлиги Терроризмга қарши курашиш бошқармаси ходимлари,  Дин ишлари бўйича қўмитаси Нукус шаҳар ҳудудий бошқармаси ходимлари,  Қорақалпоғистон Республикаси тарғиботи гуруҳи аъзолари ҳамда божхона бошқармаси шахсий таркиби иштирок этди.

Сўзга чиққанлар божхона органлари томонидан “Божхона хизмати тўғрисида”ги қонунга риоя этилиши ҳамда ходимлар ва уларнинг оила аъзолари турли диний оқимларга аралашиб қолмаслик, ахборот олиш ва тарқатиш вақтида эҳтиёткор бўлиш, интернетда бегона инсонларнинг яхши гап-сўзларига учмаслик билан бир қаторда, божхона чегаралари орқали диний мазмундаги материалларнинг ноқонуний равишда олиб ўтилишига ҳар доим ҳушёр туришлари лозимлиги таъкидланди.

Кўп миллатли мамлакатимизда диний бағрикенглик масаласи доимо кун тартибида бўлиб келган. Зотан, юксак маънавият сари интилаётган дунёвий давлатда диний қадриятлар охирги ўриндаги масала эмас. Уларни ҳурмат қилиш, тўғри талқин этиш, эътиборсиз қолдирмаслик, лекин бир вақтнинг ўзида динга ёндашув меъёрларини бузмаслик лозим.

Тадбирда диний мазмундаги материаллар тарқалиши юзасидан қонунбузилиши ҳолатлари, фуқароларимиз қандай бу йўлга тушиб қолишлари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилиб, ўзаро фикр алмашилди.

Шунингдек, иштирокчиларга мавзуга оид видеоролик намойиш этилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.