Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева маълум қилди.

Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси “Гендер тенглик фаоли” миллий танловини эълон қилади.

Танловни ўтказишдан мақсад ҳар бир ташкилотда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган сиёсатни шакллантириш,   ташкилотлар фаолиятига гендер ёндашувларни жорий этиш, гендер тенгликка эришиш масалаларига жамоатчилик эътиборини кенг жалб этиш, турли тузилмалар фаолиятига гендер тенгликни сингдиришдан иборат.

Танловда гендер тенгликни таъминлаш соҳасида юқори натижаларга эришган, ушбу йўналишда жамият ривожи йўлида ташаббус кўрсатаётган, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ўз соҳасига тегишли йўналишларда долзарб вазифаларни амалга ошираётган вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ҳокимликлар, тадбиркорлик субъектлари ҳамда оммавий ахборот воситалари қатнашиши мумкин.

Танлов 7 та асосий ва 3 та қўшимча номинация асосида ўтказилади. Танлов қуйидаги босқичларда ўтказилади:

–биринчи босқич – туман ва шаҳарларда 20-30 сентябрь кунлари;

–иккинчи босқич – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 5-20 октябрь кунлари;

–учинчи босқич – республика босқичи ноябрь ойида бўлиб ўтади.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки,  мазкур танлов 2020 йилдан буён ўтказиб келинаётган бўлиб, унда 80 дан ортиқ вазирлик ва идора, нодавлат нотижорат ташкилоти, ҳокимлик, тадбиркорлик субъекти ҳамда оммавий ахборот воситалари ғолиб бўлган.

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА