Мамлакатимизда туризм, сунъий интеллект ва нефть-газ йўналишларида кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда ва бу борада халқаро ҳамкорлик кенгаймоқда.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Қатарнинг Доҳа шаҳрида бўлиб, ташриф доирасида Ҳамад бин Халифа университети (HBKU) президенти доктор Аҳмад Ҳаснаҳ билан учрашди.
Унда икки мамлакат ўртасидаги таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди. Томонлар қатор ташаббусларни илгари суриб, ўзаро алоқаларни янада ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирди, дейилади Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълумотида.
Учрашув давомида туризм, сунъий интеллект ва нефть-газ соҳаларида қўшма илмий лойиҳаларни ташкил этиш, халқаро конференциялар ва тадбирларда иштирок этиш масалалари муҳокама қилинди. Нефть-газ саноатида икки давлат илмий марказлари ва университетлари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш режалаштирилди.
Хусусан, сунъий интеллект йўналиши бўйича Тошкент ахборот технологиялари университети Ҳамад бин Халифа университети билан ҳамкорлик ўрнатиши, нефть-газ соҳасида Бухоро муҳандислик-технология институти қўшма лойиҳаларда иштирок этиши кутилмоқда.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА