“Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида ёшларга оид сиёсатнинг умумий йўналишлари тўғрисидаги Битимни (Душанбе, 2023 йил 14 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун қабул қилиниши кутилмоқда.

Мазкур Битим 2022 йил 21 июлда Чўлпон-Отада ўтказилган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг IV маслаҳат учрашувида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббусига кўра илгари сурилган.

Битимда ёшлар иштирокида оммавий тадбирлар, лойиҳалар, ёшлар лагерлари, давлатлараро ёшлар акциялари, семинарлар, мунозара клублари, давра суҳбатлари, ёшлар форумлари ва минтақадаги ёшлар сиёсатининг долзарб масалаларига бағишланган конференцияларни ташкил этишга кўмаклашиш каби масалалар назарда тутилган.

Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида кўриб чиқилган қонуннинг қабул қилиниши Марказий Осиё давлатларининг ёшлар сиёсати соҳасида шериклик муносабатларини ривожлантиришга имкон яратиши қайд этилди.

Янги ҳуқуқий асос минтақадаги ёшлар ўртасидаги яқин ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Н.Абдураимова,

ЎзА