Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида
Иорданиянинг “Ammаn News” нашри “Ўзбекистоннинг Мустақиллик куни халқни бирлаштирган, қалбларни меҳр-муҳаббатга тўлдирувчи кундир” сарлавҳали мақола эълон қилди.
Мақолада Мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан «Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!» деган эзгу ғоя остида “Янги Ўзбекистон” боғида байрам тантанаси бўлиб ўтгани, Президент Шавкат Мирзиёев халқимизни ушбу улуғ айём билан табриклаб, нутқ сўзлагани батафсил ёритилган.
Муаллиф юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, миллат-элатлар аҳиллиги, меҳр-оқибат муҳити, кўмак ва эътиборга муҳтож инсонларга кўрсатилаётган доимий ғамхўрлик давлат сиёсатининг узвий қисмига айланганини эътироф этган.
– Тинчлик ва осойишталик, фуқаролар тотувлиги, диний бағрикенглик, турли маданият вакилларининг жамият ҳаётидаги тенг иштироки Янги Ўзбекистоннинг ўзига хос хусусияти бўлиб, бу тажриба динлар аро ва маданиятлар аро мулоқотни ривожлантиради, рағбатлантиради, – деб ёзган нашр Президентимизнинг байрам шодиёнасида сўзлаган нутқидан қуйидаги иқтибосни ҳам келтирган:
– Айнан мустақиллик туфайли миллий давлатчилигимиз қайта тикланди. Ўзбекистон янги тарихий даврга қадам қўйди. Айнан истиқлол туфайли Жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгалладик. Бу билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди. Шундай қутлуғ кунда Ўзбекистон мустақиллиги учун курашган ватанпарвар аждодларимиз хотирасини миннатдорлик билан ёдга олишимиз табиий, албатта. Бу фидойи зотларнинг номларини ҳеч қачон унутмаймиз. Уларнинг хотираси қалбимизда, юрагимизда ҳамиша яшайди!
Тантанали концерт дастури намойиш этилгани, куй-қўшиқларда халқимизнинг бой санъати ва қадрияти, фольклор жамоалари чиқишларида миллатлараро тотувлик намоён бўлгани таъкидланган.
Тадбир давомида самода самолётлар Ўзбекистон байроғини ҳосил қилгани, тантаналар Мустақиллик кунига бағишланган ҳашаматли мушакбозлик билан якунланганига урғу берилган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА