Шу кунларда Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги муносабати билан дипломатик корпус вакиллари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабат билдириб, халқимизни улкан шодиёна билан қутламоқда.
Хусусан, YUNESCOнинг Ўзбекистондаги вакили Сара Ношади ҳам ЎзА орқали байрам табриги йўллади:
– Маълумки, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва YUNESKO ўртасидаги муносабат жонланди. Мустаҳкам ҳамкорликнинг асосий омили маданий меросни асраб-авайлаш, таълимни юксалтириш ва барқарор ривожланишга кўмаклашишга қаратилган умумий садоқатга асосланади. Республика ташаббусларимизда фаол иштирок этиб, мавжуд шерикликни янада мустаҳкамлаяпти.
YUNESKO шафелигида Ўзбекистонда йирик анжуманлар ўтказиш анъанага айланди. Ана шундай йирик тадбирлардан бири “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалидир.
Мазкур мусиқа байрами бугунги кунга келиб Шарқнинг бой анъанасини тараннум этиш мақсадида турли мамлакатлар санъаткор ва олимларини бирлаштирадиган йирик маданий алмашинув майдонига айланди.
Бизнинг тинчлик ва маданий хилма-хилликни қўллаб-қувватлашга қаратилган миссиямизда алоҳида ўрин тутадиган ушбу тадбир турли маданиятлар ўртасида мулоқот ўрнатиш ва ўзаро англашувни чуқурлаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Кўп йилдан буён Самарқандда нафақат жонли маданий мерос намойиш этиляпти, балки Ўзбекистоннинг халқаро маданий ҳамкорлик маркази сифатидаги мавқеи ҳам мустаҳкамланмоқда.
13-бор уюштирилган бу галги фестиваль мамлакатдаги яна бир катта шодиёна – Мустақилликнинг 33 йиллиги байрамига уланиб кетди.
Шу ўринда айтиш керак, мустақиллик халқнинг суверенитети ва ўз тақдирини ўзи белгилашини таъминлайдиган буюк неъмат, имконият. Менимча, истиқлол миллатнинг ўзига хослиги, ўз йўлини белгилаш эркинлиги моҳиятини белгилайди. Маданий меросни асраб-авайлаш, таълимни ривожлантириш, халқнинг қадрияти ва интилишини акс эттирувчи келажакни қуриш салоҳиятини ҳам ифодалайди. Ҳар қандай эл учун мустақиллик шунчаки тарихий ютуқ эмас, балки тараққиёт, ҳамжиҳатлик ва фуқаролар фаровонлигини таъминлаш масъулиятидир.
Ўзбекистонда шундай айём нишонлаётган бир пайт ўтмишни эъзозлаш, бугунги кун билан яшаш, ёруғ ва фаровон келажакка интилиш руҳи ҳукмрон.
Айни кунларда тарихий санани нишонлаётган халқ учун чин дилдан тинчлик, ҳамжиҳатлик ва фаровонлик бардавомлигини тилайман. Миллатнинг бой маданий мероси ёруғ ва муваффақиятли келажак барпо этиш йўлида ғурур ва илҳом манбаи бўлсин.
Барча ўзбекистонликларга улуғ байрам муборак! Истиқлол руҳи юртни давомий тараққиёт ва ҳамжиҳатлик сари етакласин!
ЎзА мухбири Гўзал Сатторова ёзиб олди