Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Беларусь иккинчи аёллар форуми доирасида тўқимачилик ва чармсаноати соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган тадбир ўтказилди.
Унда томонлар инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, экспорт-импорт масалаларида ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш масалаларида сўз юритди. Шунингдек, тўқимачилик, кийим-кечак ва трикотаж саноатини ривожлантириш ва экспорт-импорт хажмини ошириш учун мақбул шарт-шароитларни яратишга доир чоралар ҳам муҳокама қилинди.
Тадбирда қайд этилганидек, мамлакатимизда 2016 йилда 512,0 миллиард сўмдан ортиқ саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилган бўлса, 2023 йилга келиб бу кўрсаткич 6,5 триллион сўмга етган. 2024 йилда эса маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ўсиш суръатларини қарийб 7 баробарга ошириш режалаштирилган.
2023 йил давомида Беларусь Республикасига 50 миллион долларлик тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилинган.
«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ахборот хизматининг маълум қилишича, табирда ўзбек тўқимачилари билан бир қаторда Беларусдаги қатор йирик компаниялари вакиллари иштирок этиб, ўзбекистонлик тўқимачилик ишбилармонлари билан келгусида ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирди.
Тадбир якунида умумий қиймати 4,5 миллион долларлик бир қатор экспорт шартномалари имзоланди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА