Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, ишга қабул қилиш чоғида ишга кираётган шахслардан талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати қисқартирилмоқда. Хусусан, ахборот тизимларидан олиш имконияти яратилгани учун давлат ташкилотлари ва хўжалик бирлашмалари томонидан шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ва меҳнат дафтарчаларни ҳамда жамғариб бориладиган пенсия дафтарчасини талаб қилиш бекор қилинмоқда.
Ушбу тартибларни ўз ичига олган «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Муҳокамаларда фракция аъзолари қонун лойиҳаси билан партия электорати учун қатор енгилликлар берилаётгани, ортиқча оворагарчиликларнинг олди олинаётганини таъкидлади. Лойиҳани янада такомиллаштириш юзасидан ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини берди.
Йиғилишда шунингдек, «Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳақ тўланадиган таътиллар тўғрисидаги 132-сонли Конвенциясини (Женева, 1970 йил 24 июнь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди. Мазкур Конвенциянинг асосий мақсади – барча ишлайдиган ходимларга дам олиш ва ишлаш қобилиятини тиклаш учун иш ўрни (лавозими) ҳамда ўртача иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда ходим ишдан озод этиладиган, ходимга ҳар йили иш йили давомида бериладиган таътилларни таъминлашдан иборат.
Конвенциянинг ратификация қилиниши миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришга, Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳужжатларида белгиланган меҳнат ҳуқуқларини, шу жумладан, дам олиш ва ҳақ тўланадиган таътиллардан фойдаланиш ҳуқуқларини таъминлаш бўйича халқаро стандартларни самарали жорий этишга хизмат қилади.
М.Комилова, ЎзА