БМТнинг уй-жой ҳуқуқи бўйича махсус маърузачиси Балакришнан Ражагопал Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабига ташриф буюрди.

Учрашувда БМТнинг турли институтлари томонидан мамлакатимизда фуқароларнинг хусусий мулкка бўлган конституциявий ҳуқуқларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди. Бу борада Судьялар олий мактабида ҳам салмоқли ишлар қилинмоқда.

Тадбирда малакатимизда аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида кейинги йилларда амалга оширилган ва келгусида қилиниши лозим бўлган вазифалар ҳақида ҳам фикр юритилди. Хусусан, яқин келажакда ҳудудларда 100 минг хонадонга мўлжалланган кўп қаватли уйлар қурилиши, бунинг учун ипотека кредитларини молиялаштиришга камида 17 триллион сўм йўналтирилиши айтиб ўтилди. Уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган оилаларга ўз уй-жойларини қуриш ва таъмирлаш учун 20 йил муддатга ипотека кредитлари берилиши таъкидланди.

Маълумотларга кўра, 2020-2023 йиллар давомида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га тураржой билан боғлиқ масалаларда фуқаролардан 5 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Мазкур мурожаатларнинг кўриб чиқилиши натижасида  фуқаролар фойдасига 1 миллиард 305 миллион сўм компенсация маблағлари ундирилган.

Тадбирда ушбу масалаларнинг ҳал этилишида малакали судьяларнинг ҳиссаси катта экани айтиб ўтилди. Зеро, ҳақ-ҳуқуқи бузилган фуқароларнинг муаммосига ечим излаб борадиган энг охирги манзили бу суд бўлади. Шундай экан, бу каби жиддий ишларнинг ўз ечимини топишида жамият билимли судьялар кўмагига  доимо эҳтиёж сезади.

БМТнинг махсус маърузачиси Балакришнан Ражагопал Судьялар олий мактаби тингловчиларининг хусусий мулкка оид ҳуқуқий билимларини юқори баҳолади ва аҳолини муносиб тураржой билан таъминлаш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш бўйича таклиф ва тавсияларини билдирди.

Н.Абдураимова,  

Н.Ҳайдаров (сурат),  

ЎзА