БМТ Тараққиёт дастури кўмагида ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай муҳит яратишга қаратилган Миллий стандартлар муҳокамаси ўтказилди. Янги стандартлар жамиятнинг барча аъзолари учун, хусусан, ногиронлиги бўлган шахслар учун тенг ҳуқуқли ва қулай муҳитни таъминлашга қаратилган.

Муҳокама қилинган стандартлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг давлат хизматларидан онлайн фойдаланишда дуч келадиган тўсиқларни бартараф этишга янада ёрдам беради.

Тадбирда Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази ходимлари ҳам фаол иштирок этиб, “my.gov.uz” порталида инклюзивлик ва рақамли шароитларни таъминлаш стратегияси юзасидан тақдимот қилди. Бу эса ногиронлиги бўлган фуқаролар учун давлат хизматларидан онлайн фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг бир қисми сифатида қайд этилди.

Мазкур тадбир Ўзбекистоннинг барча фуқаролари, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳам қулай ва инклюзив жамият қуриш йўлидаги яна бир муҳим қадамдир.

Н.Раҳмонова, ЎзА