Ўзбекистон Президенти Жаҳон сайёҳлик ташкилоти бош котибини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 август куни Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ва “Жаҳон тамаддуни тарихида Марказий Осиё Ренессанси” халқаро анжуманида иштирок этиш учун мамлакатимизда бўлиб турган БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти бош котиби Талеб Рифаини қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, БМТнинг туризм соҳасидаги ихтисослашган институти билан ҳамкорлик жадал ва самарали кечаётганини чуқур мамнуният билан қайд этди.

Ўзбекистон Жаҳон сайёҳлик ташкилотига 1993 йилда аъзо бўлган. 2004 йилдан Самарқанд шаҳрида ушбу ташкилотнинг Буюк ипак йўли бўйича минтақавий офиси фаолият юритмоқда. Ҳамкорлик натижасида ўтган даврда Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда жаҳон туризм бозорида тарғиб қилишга қаратилган ўнлаб муҳим лойиҳалар амалга оширилди.

2014 йил октябрь ойида Ўзбекистонда ташкилот Ижроия кенгашининг 99-сессияси муваффақиятли ўтказилди, унда сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва “Буюк ипак йўли” брендини кенг оммалаштириш бўйича Битим имзоланди.

Учрашувда туризм соҳасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақаси бўйлаб саёҳатларни оммалаштириш бўйича ўзаро мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар кўриш, туризмнинг янги турларини ривожлантириш ва харидоргир туризм маҳсулотлари ишлаб чиқиш, халқаро андозаларга жавоб берадиган замонавий инфратузилма яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Талеб Рифаи Президентимиз Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун чин дилдан миннатдорлик билдирди ҳамда Ўзбекистонда туризм соҳасини иқтисодиётнинг стратегик тармоғи сифатида ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга юксак баҳо берди.

Бош котиб Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришга доир дастур ва лойиҳаларни фаол қўллаб-қувватлаш ва уларда иштирок этишга тайёр эканини таъкидлади.

 

Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА