Ўзбекистон ва Миср ўртасида стратегик шерикликка асосланган муносабатлар икки мамлакат Президентларининг ташрифлари ва мунтазам мулоқотлари натижасида мазмун ва сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиб бормоқда.

Бу Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Миср Араб Республикаси Сенати ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида парламентлараро дўстлик гуруҳларининг биринчи видео мулоқотида қайд этилди.

Мулоқот давомида икки давлат ўртасидаги муносабатларни савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамда парламентлараро йўналишларида янада ривожлантириш ва ҳамкорлик кўламини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Томонлар умумий тарихий, маданий қадриятлар ҳамда урф-одатларнинг ўхшашлиги икки мамлакатнинг ўзаро алоқаларининг асосий омили бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади. Илм-фан, таълим, нодир қўлёзмаларни илмий ўрганиш, тиббиёт, туризм, меҳмонхона хизматлари йўналишларида ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги муҳокама қилинди.

Миср томони мамлакатимизда жорий йилда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий тадбир – парламент сайловида муваффақиятлар тилаб, унда халқаро кузатувчилар сифатида қатнашишга тайёрлигини билдирди.

Мулоқот давомида икки давлат раҳбарлари ўртасида эришилган олий даражадаги келишувларнинг ижросини таъминлаш мақсадида тизимли парламент назоратини ўрнатиш борасида келишувга эришилди.

Навбатдаги парламентлараро дўстлик гуруҳи йиғилишининг жойи, санаси ва кун тартиби масалаларини дипломатик каналлар орқали мувофиқлаштиришга келишиб олинди.

Н.Абдураимова,

ЎзА