Метрология йўналишида сўнгги беш йилда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида мамлакатимиздаги Миллий эталонлар сони 3 бараварга ошди. Саноат тармоқларида ўлчаш воситаларини калибрлаш қамрови эса 78 фоизга етказилди. Хорижий давлатларда ўлчаш воситаларини калибрлашга сарфланадиган валюта миқдори 4 баравар қисқарди. Шунингдек, саноатнинг жадал ривожланиши баробарида аниқ ўлчашларга бўлган эҳтиёжнинг ортиб бориши натижасида доимий равишда метрологик лабораторияларни такомиллаштириб бориш юзасидан бир қанча тадбирлар ўтказилмоқда.

Яқинда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров ва Саудия Арабистонининг “ACWA Power”  компанияси масъуллари ўртасида умумий қиймати 1,7 миллион долларни ташкил этувчи инвестицион лойиҳа бўйича меморандум имзоланди. Ушбу меморандумдан мақсад Қорақалпоғистон Республикасида қайта тикланувчи (шамол ва қуёш) электр станцияларида қўлланиладиган ўлчаш воситаларини калибрлаш хизматларини жорий этиш ҳисобланади.

Шу сабабли, Ўзбекистон миллий метрология институтининг Қорақалпоғистон Республикаси филиали негизида юқори аниқликдаги замонавий ўлчаш воситалари билан жиҳозланган лабораториялар комплекси ташкил этилади. Ҳозирда Ўзбекистон миллий метрология институтининг Қорақалпоғистон Республикаси филиали учун халқаро тавсияларга асосан зарур инфратузилмага эга лабораториялар комплекси фойдаланишга топширилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, “ACWA Power” компанияси Оролбўйи минтақасида йилига 18,5 минг ГВт соатга яқин тоза энергия ишлаб чиқарувчи шамол электр станциялари қуришни режалаштирган. Ушбу лойиҳа беш босқичда амалга оширилади, бу эса Ўзбекистоннинг тоза энергияга ўтиш стратегиясига эришиш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.

Ш.Маматуропова,  

ЎзА