Ўзбекистон Республикаси Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги (EMDRA) ва Туркия энергетика бозори оператори – “Enerji Piyasaları İşletme A.Ş.” (EPİAŞ) компанияси ўртасида англашув меморандуми имзоланди.

Шу муносабат билан ўтказилган учрашувда томонлар энергетика бозорини ривожлантириш истиқболлари ва ҳамкорлик масалаларида сўз юритди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон Республикаси Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги директори Шерзод Хўжаев қайд этганидек, Туркиянинг энергия бозорини ривожлантириш соҳасидаги тажрибасини ўрганиш ва доимий ҳамкорлик қилиш мамлакатимизда ушбу йўналишнинг ҳуқуқий асосларини яратишда муҳим қадамдир.

–Шу билан бирга, мамлакатимизнинг энергетика бозори иштирокчилари фаолиятини лицензиялаш, тарифларни тартибга солиш ва услубиётни ривожлантиришда Туркия тажрибаси яхши самара беради. Қолаверса, экспертлар ва мутахассислар ўртасида тажриба алмашишни йўлга қўйиш, EPİAŞ да қўлланиладиган инновацион ечимларни ўрганиш муҳим ҳисобланади, – деди Ш.Хўжаев.

“Enerji Piyasaları İşletme A.Ş.” компанияси Туркияда ишончли ва шаффоф бозор шароитларини таъминлаш орқали энергия, табиий газ ва атроф-муҳит бозорларини бошқарадиган энергетика бозори операторидир. Компания марказий контрагент сифатида молиявий ҳисоб-китоблар ва ҳисоб-фактура хизматлари учун масъул ташкилот ҳисобланади. Шунингдек, у қайта тикланувчи энергия манбаларини рўйхатга олиш тизимини ҳам бошқаради.

Учрашувда “Enerji Piyasaları İşletme A.Ş.” компанияси бош директори Таҳа Мели Арвас уюшган улгуржи бозорга ўтиш мамлакатларга электр энергияси бозорида рақобат ва инвестицияларни ривожлантиришга имкон берадиган ҳал қилувчи восита эканига тўхталиб ўтди.

– EPİAŞ Ўзбекистонда энергия бозорларини ривожлантириш ва улардан фойдаланиш бўйича ўз тажрибасини алмашишга тайёр. Биз Марказий Осиё минтақаси учун намуна сифатида яхши ишлайдиган электр энергияси бозорини ривожлантириш ва жорий этишни қўллаб-қувватлаймиз, –деди компания раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, имзоланган мазкур англашув меморандумига асосан томонлар мамлакатимизда энергетика бозорини ривожлантириш, ҳуқуқий меъёрлар ишлаб чиқиш ва тажриба алмашиш юзасидан ҳамкорлик қилади.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА