Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 31 майдаги “Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш соҳасини рақамлаштириш ва шаффоф тизим яратиш борасида зарурий чора-тадбирлар белгилаб берилган.
Унга кўра, режалаштирилаётган ёки амалга оширилаётган фаолиятнинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш учун тақдим этиладиган лойиҳаларнинг ситуацион хариталарини тасдиқлаш механизми тегишли тартибда амалга оширилади.
Давлат экологик экспертизаси маркази ахборот хизмати раҳбари Шаҳзода Акрамованинг маълумотларига кўра, буюртмачи томонидан лойиҳа ҳужжатлари Давлат экологик экспертизаси марказининг eco-service.uz дастури орқали электрон киритилганидан сўнг ариза шакллантирилади ҳамда дастур орқали автоматик тарзда туман (шаҳар) инспекция бўлим бошлиғи ва масъул инспекторларнинг профилига юборилади.
Туман (шаҳар) Экологик инспекция бўлими бошлиғи ва инспекторлари eco-service.uz дастурига электрон рақамли имзоси орқали киради ва ситуацион хариталарни кўриб чиқади. Инспекторлар ситуацион харитадаги белгиланган объект жойлашган ҳудудга чиқиб, объектнинг географик координаталари, рекреация зоналари, аҳоли яшаш жойлари, сув ва газ қувурлари каби маълумотлар ситуацион харитага мос келишини текширади.
Агар барча маълумотлар тўғри бўлса, ситуацион харитани тасдиқлайди ва тизим ушбу аризани Давлат экологик экспертизаси марказига юборади. Агар текширув вақтида камчиликлар аниқланса, ситуацион харита инспекторлар томонидан рад этилади.
Экологик назорат инспекцияси туман (шаҳар) инспекция бўлим бошлиғи ва масъул инспекторлари томонидан “ситуацион хариталар” тасдиқланганидан сўнг буюртмачининг аризаси Давлат экологик экспертизаси маркази масъул ходимига келиб тушади ҳамда кейинги экологик экспертиза ишлари олиб борилади.
Мутахассиснинг таъкидлашича, илгари бу жараён тадбиркорлик субъектлари учун анча мураккаб бўлган ва кўп вақт талаб қилган, чунки лойиҳаларнинг барча ҳужжатлари қоғозда тайёрланиб, тегишли идораларга қўлда топширилиши керак эди. Бу ҳолат қатор муаммоларни келтириб чиқарган, жумладан, оворагарчилик, тезкорликнинг йўқлиги, ҳужжатларни кузатишдаги қийинчиликлар, ресурсларнинг кўп сарфланиши. Ҳужжатлар энди электрон шаклда тақдим этилади, бу эса жараённи сезиларли даражада соддалаштириб, вақтни тежайди ва оворагарчиликларни камайтиради.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА