Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги олдидан

Ватанимиз Мустақиллигининг 33 йиллик айёмини нишонлашга саноқли кунлар қолди. Халқимизнинг эркин ва фаровон ҳаёт сари қадам қўйишига йўл очган бу неъматнинг қадри ҳар бир юртдошимиз учун беқиёс. 

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон УМАРОВ Мустақилликнинг аҳамияти, халқимиз ҳаётида тутган ўрни ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди: 

– Мустақиллик – аждодларимиз курашган, бу йўлда жон берган буюк неъмат. Унга эришиш бахти бугунги авлодга насиб қилди.

Мамлакатимизнинг давлат мустақиллигига эришиши билан ҳуқуқий демократик давлат қурилиши, янги жамиятга ўтиш даврида сиёсий-иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилди. Ижтимоий-сиёсий барқарорликни таъминлаш, маънавий-руҳий покланиш эътибордан четда қолмади. Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин олиши учун муҳим қадамлар қўйилди.

Юртимиз сиёсий-ҳуқуқий тизими кўп босқичли ислоҳотларни бошдан кечирди. Қонунчилик йиллар давомида янада мустаҳкамланиб, такомиллаштирилиб борилди. Хусусан, жадал ривожланаётган замонамизга ҳамоҳанг бўла оладиган Конституциямиз янги таҳрирда қабул қилиниши давлатимиз қонунчилигидаги муҳим ўзгаришлардан бири бўлди.

Асосий қонунимизга барча соҳани қамраб олувчи янги нормалар киритилди ҳамда мавжуд нормалар янада такомиллаштирилди. Шунингдек, бошқа қатор ҳуқуқий ҳужжатларга ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Аҳолига ҳамма қулайликни яратиш, уларнинг яшаш шароитини янада яхшилаш мақсади ривожланишнинг асосий босқичи сифатида намоён бўлди. Рақамлаштирилган янги асрда қоғозбозлик ва ортиқча оворагарчиликлардан воз кечиш мақсадида барча давлат хизмати ягона тармоққа бирлаштирилиб, замонавий ахборот-технологияларидан кенг фойдаланишга ўтилди. Аҳолининг давлат ташкилотларига мурожаатларини интерактив тарзда қабул қилиш ва кўриб чиқиш, электрон мурожаатлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш орқали вақт ва харажатларни тежаш, хизматларни соддалаштириш самарали йўлга қўйилди.

Давлат хизматлари марказларида фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш, улар асосида ваколатли органлар билан электрон ҳужжат алмашиш асосида ҳужжатлар тайёрлаб тақдим этиш, божлар ва давлат томонидан кўрсатиладиган пуллик хизматлар тўловини банк бўлими орқали амалга ошириш, тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш каби хизматлар йўлга қўйилди. Шунингдек, фуқаролар марказнинг ўзида коммунал тўловларни амалга ошириши ҳамда тадбиркорлик фаолияти, солиқ тўловлари ва бошқа масалаларга оид ахборотларни тўлиқ шаклда олиш имконига эга бўлди.

Давлат сиёсатида очиқлик ва шаффофлик тамойили янада кучайтирилди. Давлат бошқаруви тизимида қабул қилинаётган барча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар интернет тармоқлари орқали аҳолига тақдим этилиб, барча ҳукумат идоралари устидан жамоатчилик назорати ўрнатилди.

Буларнинг барчаси “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган эзгу ғоя асосида амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, одил судловга эришишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар давом эттирилмоқда.

Аёнки, янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямиз суд-ҳуқуқ тизимини тартибга солувчи асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Суд ҳокимияти мустақиллиги, у фақат қонунга бўйсуниши ҳамда судьяларнинг дахлсизлиги кафолатлари таъминланиши суд тизими фаолияти самарали ишлашининг гаровидир. Истиқлол йилларида суд ҳокимияти мустақиллиги янада кучайтирилди, уларнинг фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш учун кўплаб чора-тадбирлар олиб борилди.

Суд-ҳуқуқ тизимининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кучайтиришнинг муҳим омилидир. Судлар тўғрисидаги ахборотни аҳолига етказиш “Судлар тўғрисида”ги қонун билан белгилаб қўйилди. Унга кўра, судлар ўз фаолияти, қарорлари ва тартиблари тўғрисида жамоатчиликка маълумот тақдим этиши, фуқароларнинг одил судловдан фойдаланиши ва ҳуқуқ тизимининг ишлаши ҳақида хабардор бўлишини таъминлаши зарурлиги белгиланди

Юртимизда инсон қадри азиз. Ҳар бир фуқаро хоҳиш-иродасини амалга ошириши, салоҳиятини рўёбга чиқариши, келажагини ўзи танлаш ва қуриш имкониятига эга. 

Бугун тараққиётнинг янги босқичида Ўзбекистон фаровонлик ва адолат йўлида салмоқли ютуқларга эришди, деб ишонч билан айтамиз. Бунда, албатта, меҳнаткаш ва олийжаноб халқимизнинг ҳиссаси беқиёс. Зеро, инсон чин маънода қадр топган, эркин ва фаровон ҳаёт қуриш, адолат ва қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликка эришиш, қудратли янги Ўзбекистонни барпо этиш ҳар биримизнинг асосий мақсадимиздир.

Норгул Абдураимова, ЎзА