Заковат – бу шунчаки клуб ёки ўйин эмас, балки халқаро интеллектуал ҳаракатга айланган кенг масштабли лойиҳа. 2023 йилнинг ўзида Заковат ҳаракатининг доимий аъзолари сони 500 минг нафардан ортди. 156 минг 250 та жамоа ҳамда 1 миллион 150 мингга яқин билимдонлар Заковат ўйинларида иштирок этди.

Йил давомида мамлакатимиз бўйлаб 7 мингдан ортиқ ўйин ўтказилди ва уларда 15 мингдан ортиқ саволлар тақдим этилди.

Заковат ўз чегараларини кенгайтириб, Ўзбекистондан ташқарига чиқди. Шу вақтгача Лондон, Остона, Олмаота, Душанбе ва Берлин шаҳарларида Заковат номи остида ўнлаб халқаро мусобақаларнинг ўтказилгани халқаро даражадаги феноменга айланаётганини тасдиқлайди.

Хорижий давлатлар орасида Қозоғистоннинг Заковатга илиқ муносабатини алоҳида эътироф этиш лозим.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбек ва қозоқ халқлари – нафақат яқин қўшни, балки муштарак тарихий мерос, маданий ва маънавий қадриятлар билан боғланган қардошлардир. Бизнинг тақдиримиз бир, келажагимиз ҳам умумий, мен бунга ишонаман”, деган фикрлари Заковат мисолида ҳам ўз исботини топди.

Тошкентда ўтказилган бир қатор халқаро мусобақаларда иштирок этган қозоғистонликлар бу ўйинни катта қизиқиш билан кутиб олди ва Заковатни Қозоғистонда ҳам оммалаштиришни мақсад қилди.

Натижада атиги бир неча ой ичида Қозоғистон Заковатнинг халқаро миқёсдаги ўйинларига энг кўп мезбонлик қилган мамлакатга айланди. Бу ерда «Астана Опен», II Осиё очиқ чемпионати, «Азиада-2024» каби қатор халқаро мусобақалар Заковат номи остида ўтказилди. Уларнинг барчаси Ўзбекистон ва Қозоғистон интеллектуаллари ўртасида ўзаро дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш майдонига айлантирди.

Шу кунларда Олмаота шаҳрида яна бир нуфузли мусобақа – «Азиада-2024» ўтказилаётган бўлса, эртага, 5 август куни Остона шаҳрида эса Заковат Осиё кубоги бўлиб ўтади ҳамда унда Ўзбекистон ва Қозоғистон терма жамоалари фикр кенгликларида баҳслашади.

Бу, Заковатнинг янги марраларни, янги уфқларни забт этиш йўлидаги ўзига хос юриши бошланаётганини англатмоқда.

Т.Рўзиев, ЎзА