Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов раҳбарлигидаги Ўзбекистон делегациясининг Тожикистон Республикаси Сўғд вилоятига сафари доирасида вилоят раиси Ражаббой Аҳмадзода ва қишлоқ хўжалиги вазири Қурбон Ҳакимзода билан буғдой, ғалла, шоли етиштириш, ипакчилик, боғдорчиликни ривожлантириш юзасидан музокаралар олиб борилди.

Мулоқот давомида Фанлар академиясига қарашли ва ёндош ҳудуддаги 113 гектар майдонни шартнома асосида ажратиш, шунингдек ерни тайёрлаш, экин экиш ва парваришлаш бўйича томонлар мажбурияти белгилаб олинди.

Шунингдек, қўшни давлатга сифатли буғдой уруғи етказиб бериш, замонавий суғориш ва парваришлаш технологияларини амалиётга жорий қилиш, Сўғдда Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти тажриба майдони ташкил қилиш учун Тожикистон Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясига қарашли 10 гектар ерни ажратишга қарор қилинди.

Келишув асосида 1 000 гектар жойга Ўзбекистон тажрибаси асосида шоли экилади, 25 гектар самарасиз боғ беғараз асосда интенсив боққа айлантирилади, Хатлон вилоятидаги 14 минг гектар майдон фойдаланишга топширилиб, шоли етиштириш учун босқичма-босқич ўзлаштирилади.

Томонлар 1 ноябрга қадар Тожикистонга 17 дона замонавий тўқув ускунаси, 1 тўплам ипак ўраш ускунаси ҳамда 500 минг дона интенсив тут кўчати етказиб бериш масаласи ва “Хўжанд атлас” корхонаси негизида қўшма пиллачилик мажмуаси ташкил этиш лойиҳасини муҳокама қилдилар.

Мулоқот сўнгида 1 октябргача Сўғдда ташкил қилинган АКИС биносини таъмирлаш, компьютер ва мебель билан жиҳозлаш ҳамда ўзбек уруғи ва кўчати сотишга мўлжалланган махсус дўкон ташкил этиш, минерал ўғит экспортини йўлга қўйиш юзасидан ҳам гаплашиб олинди.

М. Пирматова, ЎзА