Бу ҳақда Осиё тараққиёт банкининг мамлакатимиздаги доимий ваколатхонаси матбуот хизмати маълум қилди. Унда қайд этилишича, ОТБ Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакат молия бозорларини мустаҳкамлаш ва барқарор бозорга йўналтирилган энергетика секторини ривожлантириш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун умумий қиймати 400 миллион АҚШ доллари бўлган иккита қарзни маъқуллаган.

ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Евгений Жуковнинг сўзига кўра, хусусий секторнинг фаол иштироки Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва трансформацияси учун жуда муҳим аҳамиятга эга.

– Ушбу дастурлар қўллаб-қувватлайдиган ислоҳотлар тартибга солувчи органлар ва компаниялар учун барқарор ички молиявий бозорларни яратиш ва иқлим ўзгариши масалаларини ҳал қилган ҳолда энергияга бўлган эҳтиёжларини қондириш орқали ривожланишни рағбатлантиришда ўз ролини ўйнаши учун қулай муҳит яратишга ёрдам беради, – дея таъкидлаган Е.Жуков.

«Энергетика секторини ислоҳ қилиш дастури»нинг 2-кичик дастури учун ажратиладиган 300 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ хусусий сектор инвестицияларини рағбатлантириш ва молиявий барқарорликни ошириш мақсадида энергетика секторининг тузилиши, ҳуқуқий-меъёрий базаси ва бошқарувини такомиллаштиришга қаратилган сиёсат чораларини амалга ошириш учун бюджет ёрдамини тақдим этади.

Дастур углерод чиқиндиларини камайтириш ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Ушбу ислоҳотлар сирасига электр энергияси бозорини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси, рақобатни ривожлантириш ва шаффофликни таъминлаш учун мустақил энергетика регуляторини яратиш, марказий харид ва чакана савдо функцияларини ажратиш ва янги ташкил этилган мустақил ташкилотларга ўтказиш ҳамда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни ошириш, иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш ва мамлакатнинг электр узатиш ва тарқатиш тармоғини модернизация қилиш бўйича энергетика сектори бош режаси киради.

«Молия бозорларини ривожлантириш дастури»нинг 2-кичик дастури учун ажратиладиган 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ молиявий операциялар ва хизматларни оптималлаштириш учун бозор шароитларини яхшилашга, шунингдек, Ўзбекистоннинг капитал ва пул бозорлари ўсиши учун талаб ва таклифни тартибга солишга қаратилган регулятор ва институционал ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА