Сайлов – 2024
Бугун Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда сиёсий партияларнинг ваколатли вакилини рўйхатга олишга доир масала кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига асосан депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партия сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун ўзининг ваколатли вакилини тайинлашга ҳақли.
Ваколатли вакилни рўйхатга олиш Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Сиёсий партиянинг ваколатли вакили тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади. Унга кўра сиёсий партия юқори органининг раҳбари сайлов кампанияси бошлангани расман эълон қилинган кундан бошлаб беш кунлик муддатда ўз ваколатли вакилини тайинлайди ҳамда уни рўйхатдан ўтказиш учун Марказий сайлов комиссиясига тегишли ҳужжатларни тақдим этади.
Шу боис, мамлакатимизда фаолият олиб бораётган сиёсий партиялар раҳбарлари ўз ваколатли вакилларини тайинлаб, уларни рўйхатдан ўтказиш учун илк бор “E-saylov” ахборот тизими орқали МСКга мурожаат қилди.
Мажлисда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси раҳбарлари тавсия этган ваколатли вакилларга тегишли ҳужжатлар кўриб чиқилди.
Шундан сўнг ваколатли вакилларни рўйхатга олиш ҳамда уларга белгиланган шаклдаги мандатни бериш ҳақида қарор қабул қилинди.
Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олиш жараёнлари “E-saylov” ахборот тизими орқали амалга оширилди ҳамда ваколатли вакилларга мандатлар электрон шаклда тизим орқали берилди.
Муҳтарама Комилова, Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА