Ёшларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун шароит яратиш, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва фаоллигини ошириш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ёшлар сиёсати нафақат мамлакатимиз, балки минтақамиз ва халқаро даражадаги ҳамкорликни, биргаликдаги саъй-ҳаракатларни тақозо этади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси йиғилишида “Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида ёшларга оид сиёсатнинг умумий йўналишлари тўғрисидаги Битимни (Душанбе, 2023 йил 14 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси билан 2023 йил 14 сентябрда Марказий Осиёнинг бешта республикаси ўртасида ёшларга оид сиёсатнинг умумий йўналишлари тўғрисидаги Битимни ратификация қилиш белгиланмоқда. Битим лойиҳаси давлат органлари ва муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш, уларнинг бу борадаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.

— Мазкур битимда ёшларни Марказий Осиё давлатларининг ижтимоий, маданий, сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётига жалб этиш, ёшларнинг ўзини намоён этиши, ижтимоийлашуви ва ҳар томонлама ривожланиши учун шароит яратиш масалалари кўзда тутилган, — дейди депутат Умида Раҳмонова. — Шунингдек, уларнинг жамият ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш, соғлом ва баркамол ёш авлодни тарбиялашга қаратилган турли дастурларни ишлаб чиқиш мақсадлари белгиланган. Шу билан бирга, Марказий Осиё давлатлари таълим муассасалари талабалари ўртасида илмий-инновацион ҳамкорликни ривожлантириш, минтақа давлатлари ёшлари иштирокида оммавий тадбирларни ташкил этишга кўмаклашиш ҳам назарда тутилган. Шу маънода қонун лойиҳаси долзарб аҳамиятга эга. Унда назарда тутилаётган янгиликлар ёшлар сиёсати соҳасида Марказий Осиё давлатларининг ўзаро дўстлик ва шериклик муносабатларини янада ривожлантиради. Энг муҳими, минтақадаги ёшларнинг ўзаро яқин ҳамкорлигига, билим ва тажриба алмашишига хизмат қилади.

Муҳокама ва фикр-мулоҳазалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди.

Муҳтарама Комилова,

ЎзА