Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Бекмурод Абдуллаев Қирғиз Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Октябрь Урмамбетов билан учрашди.

Вазир ўринбосарлари жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш борасида қилинган ишлар юзасидан фикр алмашди.

Музокара жараёнида ҳуқуқбузарликлар чуқур таҳлил этилиб, соҳада ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Суҳбат давомида кейинги йилларда бутун дунё миқёсида тобора авж олиб бораётган кибержиноят, ўғрилик, фирибгарлик ва товламачилик каби жиноятлар оқибатида фуқароларнинг мол-мулкига таҳдид кўпайиб бораётгани ва унинг олдини олиш таъсир-чоралари ҳақида ҳам сўз борди.

Шунингдек, халқаро жиноятчиликка қарши курашишда замонавий инновацион технологиялардан фойдаланиш ва тажриба алмашиш бўйича ҳам фикрлар тингланди.

Учрашув давомида генерал-майор Б.Абдуллаев Қирғиз Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизими фаолияти билан яқиндан танишди. Давлат масъуллари соҳада ҳамкорликни янада кучайтиришга тайёр эканликларини билдирди.

Мазкур учрашув ҳар икки томон учун манфаатли бўлди.

Н.Абдураимова,

ЎзА