Ўзбекистоннинг Англиядаги элчиси Равшан Усмонов Лондонда Буюк Британия адлия вазири ўринбосари, Лордлар палатаси аъзоси Фредерик Понсонби билан учрашди. Музокара чоғида ҳуқуқий соҳадаги ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари муҳокама қилинди.
Хорижлик шерикларга Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган, жумладан парламентаризмни ривожлантириш, инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва фуқаролик жамияти ролини ошириш йўналишларидаги кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Қонун устуворлигини таъминлаш, суд тизимини такомиллаштириш билан боғлиқ мавзуларга алоҳида ўрин ажратилди.
Лорд Понсонби юртимизда юз бераётган туб ўзгаришларни юқори баҳолади. Томонлар ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини янада кенгайтириш истиқболини кўриб чиқдилар.
Учрашув якунида амалий ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишилди.
ЎзА