Парламент қуйи палатасининг мажлисида «Давлат харидлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига давлат харидлари тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳаси билан давлат харидларида барқарорлик принципларини жорий этиш орқали давлат буюртмачиларига қўшимча имкониятлар яратиш белгиланмоқда. Шунингдек, давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссияга келиб тушган шикоятларни кўриб чиқиш тартибини Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқлаш назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, суднинг қарорига кўра, фирибгарлик, сохталаштириш ва коррупция билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган иштирокчиларни автоматик тарзда Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрига киритиш таклиф этилмоқда.

Давлат буюртмачиси заруратга кўра, энг яхши таклифларни танлаш ёки тендер натижалари бўйича ҳадли келишув тузиш, янги харид тури ҳисобланган кичик қийматдаги харид учун соддалаштирилган тартибини жорий этиш ҳам қонун лойиҳасида ўз аксини топмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлат харидлари тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, илғор хорижий давлатларнинг тажрибаси асосида давлат харидлари соҳасидаги харид қилиш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш ҳамда давлат харидлари жараёнларига тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилишга хизмат қилади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА