Пойтахтимизда Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллигига бағишлаб Ўзбекистон қўғирчоқ театрларининг XI анъанавий кўрик-фестивали бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Театр арбоблари уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ижодий жамоалар сараланган спектакллари билан иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари О.Назарбеков, Театр арбоблари уюшмаси раиси Ё.Аҳмедов Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан миллий маданиятимизни янада равнақ топтириш борасида кўрсатилаётган эътибор ижод аҳлини катта масъулият билан фаолият кўрсатишга ундаётганини таъкидлади.
Ушбу кўрик-фестивални ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад Ватанимиз мустақиллигини, миллий қадриятларимизни тараннум этувчи, ёш томошабинлар қалбида ватанпарварлик, ҳалоллик, меҳнатсеварлик туйғуларини кучайтиришга хизмат қилувчи саҳна асарлари яратишни тарғиб этишдан иборат. Тадбир бадиий жамоаларнинг ўзаро тажриба алмашишида ҳам муҳим аҳамият касб этади.
– Биз «Турна пати» спектакли билан иштирок этаяпмиз, – дейди Андижон вилоят қўғирчоқ театри директори Беҳзод Қурбонов. – Бу саҳна асари фарзандларимизни табиатга муҳаббатли бўлишга, унинг бебаҳо неъматларини асраб-авайлашга ундайди.
Кўрик-фестиваль 13 июлга қадар давом этади.
Н.Усмонова, ЎзА
Фарҳод Абдурасулов (ЎзА) олган суратлар