Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган АҚШнинг Жон Хопкинс университети ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси, профессор Фредерик Старр бошчилигидаги халқаро экспертлар гуруҳи Самарқандга ташриф буюрди.
Меҳмонлар Самарқанд шаҳридаги тарихий-маданий ёдгорликлар билан танишишни Ҳазрати Хизр мажмуасидан бошлади. Бу ерда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилиб, улуғ Йўлбошчимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Шундан сўнг, халқаро экспертлар гуруҳи Амир Темур мақбараси, Хўжа Дониёр зиёратгоҳи, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Шоҳи Зинда мажмуаси ва бошқа масканларда бўлди.
Мазкур обидалар билан танишув чоғида меҳмонларга аждодларимиздан мерос қадимий бино ва иншоотларнинг яратилиш тарихи, уларни асраб-авайлаш борасида давлатимиз томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Халқаро доираларда эътироф этилган институт ходимлари, олимлар юртимизда тарихий ёдгорликларни асл ҳолида сақлаш бўйича олиб борилаётган ишларга юксак баҳо бериб, туризмни ривожлантириш ва сайёҳлар оқимини кўпайтиришда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини билдирди.

– Тарихий обидалар, мусаффо табиат ва маҳаллий аҳолининг ўзига хос турмуш тарзи туризмнинг ажралмас бўлаги ҳисобланади, – дейди Ф.Старр. – Самарқандга ҳам сайёҳлар ана шу гўзалликлардан баҳраманд бўлиш, шаҳарнинг тарихий қиёфаси ва гўзал табиатини кўриш учун келади. Мен бир неча марта бу қадимий кентда бўлганман ва ҳар гал янги таассуротлар билан қайтаман. Кейинги йилларда юртингизда тарихий обидаларни асраб-авайлаш, уларнинг асл кўринишини йўқотмасдан сақлашга эътибор кучайиб бормоқда. Шунингдек, янги боғ ва хиёбонлар ташкил этилаётгани, тарихий бинолар атрофи обод этилаётгани таҳсинга сазовор. Бу борада туризми ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганиш яна ҳам фойдали бўлади, деб ўйлайман.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА