Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15 апрель куни “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг иккинчи учрашуви доирасида мамлакатимизга келган Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов, Қатар Давлати Бош вазири, ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Соний бошчилигидаги делегация, Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархон Ол Сауд, Ўмон Султонлиги ташқи ишлар вазири Бадр бин Ҳамад ал-Бусайдий бошчилигидаги делегация, Кувайт Давлати ташқи ишлар вазири Абдулла ал-Яҳё бошчилигидаги делегация, Баҳрайн Подшоҳлиги ташқи ишлар вазири Абдуллатиф бин Рашид ал-Заяний бошчилигидаги делегация, Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий бошчилигидаги делегация, Озарбайжон Республикаси ташқи ишлар вазири Жайхун Байрамов ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши бош котиби Жасим бин Муҳаммад ал-Будайвийни қабул қилди.

Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов суҳбат аввалида давлатимиз раҳбарига Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва чуқурлашган стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Ўзаро товар айирбошлаш ўсаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. “Шовот – Тошовуз” савдо зонаси ташкил этилмоқда. Саноат кооперацияси, энергетика, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик давом этмоқда.

Ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувлар кенгаймоқда. Жорий йилда Ўзбекистонда шоир Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллиги муносабати билан қатор тадбирлар ўтказилади.

Бўлажак олий даражадаги учрашувларга тайёргарлик доирасида кўп қиррали шерикликнинг янги кун тартибини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Қатар Бош вазири Муҳаммад Ол Соний Ўзбекистон етакчисига Қатар Амири Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Икки томонлама ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларида янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари сиёсий мулоқот жадал тус олгани, ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажми фаол ошаётганини мамнуният билан қайд этди.

Қатарнинг етакчи компаниялари иштирокида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Маданий-гуманитар тадбирлар ўтказилмоқда. Октябрь ойида Ўзбекистонда Қатар маданияти ҳафталиги бўлиб ўтади.

Қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суриш, уларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини тезроқ яратиш муҳимлиги қайд этилди.

Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Минтақавий кун тартибидаги масалалар, шу жумладан, Яқин Шарқдаги вазиятнинг жиддий кескинлашаётгани юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархон Ол Сауд Ўзбекистон етакчисига Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ва Валиаҳд, Бош вазир Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни ва кенг кўламли шерикликни олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Бугунги кунда турли даражаларда фаол мулоқотлар ва делегацияларнинг ўзаро ташрифлари давом этмоқда. Ўзаро савдо ҳажми, қўшма корхоналар ва авиақатновлар сони ошиб бормоқда.

“Яшил” энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, IT ва бошқа устувор соҳаларда кооперация лойиҳалари бошланган.

Бўлажак тадбирлар, шу жумладан, 2025 йилда ўтказиладиган “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” мулоқотининг иккинчи саммитига пухта тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, минтақавий кун тартибидаги бошқа масалалар, хусусан, Афғонистондаги вазият ва Фаластин муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш юзасидан фикр алмашилди.

 Ўмон Султонлиги ташқи ишлар вазири Бадр бин Ҳамад ал-Бусайдий давлатимиз раҳбарига Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саиднинг самимий саломи ва тилакларини етказди.

Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳалардаги салоҳиятни самарали рўёбга чиқариш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистонда фаолият юритаётган қўшма инвестиция компаниясининг лойиҳалар портфелини кенгайтириш муҳим экани қайд этилди.

Банк соҳасини ривожлантириш, рақамли технологиялар, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги, таълим каби устувор йўналишларда янги лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш таклиф қилинди.

Ўзаро мулоқотларни ва ҳамкорликнинг институционал механизмларини фаоллаштириш – сиёсий маслаҳатлашувлар, Ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари, бизнес форумлари ва кўргазмаларни мунтазам ўтказиб бориш зарурлиги таъкидланди.

Минтақавий, шу жумладан, 2011 йилги Ашхобод келишувлари доирасидаги ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Кувайт Давлати ташқи ишлар вазири Абдулла ал-Яҳё Ўзбекистон етакчисига Кувайт Амири шайх Мишъал ас-Сабоҳнинг самимий саломи ва тилакларини етказди.

Икки мамлакат ўртасидаги конструктив сиёсий мулоқотни давом эттириш, савдо-иқтисодий, молия-инвестициявий ва гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзаро ташрифларни фаоллаштириш, маданий ва туризм алмашинувларига оид дастурларни амалга ошириш, етакчи компаниялар иштирокида, шу жумладан, Кувайт араб иқтисодий тараққиёт фонди билан яқин ҳамкорлик доирасида ҳамда Кувайт инвестиция агентлиги билан самарали шерикликни йўлга қўйиш орқали устувор тармоқлардаги инвестиция лойиҳаларини илгари суриш зарурлиги қайд этилди.

Яқин фурсатда икки томонлама сиёсий маслаҳатлашувлар, қўшма Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши ва бизнес форумини ўтказиш муҳим экани таъкидланди.

Минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Баҳрайн Подшоҳлиги ташқи ишлар вазири Абдуллатиф бин Рашид ал-Заяний давлатимиз раҳбарига Подшоҳ Ҳамад бин Исо Ал-Халифанинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон билан Баҳрайн ўртасидаги кўп қиррали шерикликни янада ривожлантириш ва кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Сиёсий мулоқотни фаоллаштириш ҳамда сиёсий маслаҳатлашувлар механизмини тез фурсатда ишга тушириш муҳимлиги қайд этилди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик, банк-молия, автомобиль ва темир йўллари қурилиши, энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш ва бошқа устувор йўналишлардаги дастур ва лойиҳаларни илгари суриш учун катта салоҳият ва кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.

Шу мақсадда жорий йилда қўшма Ҳукуматлараро қўмитанинг илк йиғилишини ўтказиш ҳамда Ўзбекистон ва Баҳрайн етакчи компаниялари вакиллари иштирокида Ишбилармонлар кенгашини таъсис этиш режалаштирилган.

Халқаро кун тартиби, шу жумладан, хавфсизликка замонавий таҳдидларга қарши курашиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Ўзбекистон етакчиси Баҳрайн ташқи ишлар вазирини қутлуғ ёши билан муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлиқ ва катта муваффақиятлар тилади.

Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий учрашув аввалида давлатимиз раҳбарига БАА Президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён, вице-президенти, Бош вазири, Дубай амири Шайх Муҳаммад Ол Мактум, вице-президенти Шайх Мансур Ол Наҳаён ва Абу-Даби амирлиги Валиаҳди Шайх Ҳолид Ол Наҳаённинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Устувор йўналишлардаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Ўзбекистон ва Амирликлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги юксак даражаси катта мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми барқарор ошиб бормоқда. Ўзбекистонда Амирликлар сармояси иштирокида 300 дан зиёд корхона фаолият юритмоқда. Қўшма лойиҳалар портфели 4 миллиард доллардан ошган.

“Яшил” энергетика, металлургия, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва коммуникация каби тармоқларда истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.

Трансафғон темир йўлининг техник лойиҳасини тайёрлаш ва қурилишини бошлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди.

Озарбайжон Республикаси ташқи ишлар вазири Жайхун Байрамов учрашув аввалида давлатимиз раҳбарига Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон – Озарбайжон стратегик шериклик муносабатлари ва кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Олий даражадаги келишувларни амалга ошириш ҳамда ҳамкорликнинг 10 та янги йўналиши бўйича истиқболли лойиҳалар портфелини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Мунтазам ва самарали мулоқотлар туфайли икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги даражага чиққани, амалий мазмун билан бойигани мамнуният ила қайд этилди.

Ўтган йилда товар айирбошлаш 27 фоизга ошди. Автомобилсозлик, электротехника, энергетика, тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги тармоқларида кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Қўшма инвестиция фонди ўз фаолиятини бошлади.

Бўлажак олий даражадаги учрашув ва тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди.

 Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши бош котиби Жасим бин Муҳаммад ал-Будайвий билан учрашувда Ўзбекистон ва Кенгаш ўртасидаги конструктив мулоқотни янада ривожлантириш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари минтақалар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги суръатидан мамнунлигини билдирди ҳамда Тошкент шаҳрида ўтган ташқи ишлар вазирлари иккинчи учрашувининг самарали якунларини юқори баҳолади.

Ўтган йили Жидда шаҳрида ўтган Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари биринчи саммитида эришилган келишувлар ижросининг бориши муҳокама қилинди.

Ўзбекистон томонидан инвестиция, савдо, юқори технологиялар, туризм ва бошқа йўналишларда илгари сурилган ташаббус ва таклифларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

2025 йилда Самарқанд шаҳрида ўтадиган иккинчи саммит кун тартибини тайёрлаш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.

ЎзА