Президентимиз Ислом цивилизацияси маркази қурилишига тамал тоши қўйди

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 15 июнь куни Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази қурилиш майдонига ташриф буюриб, иншоот пойдеворига рамзий тамал тоши қўйди.
Мазкур тадбир юртимизда муборак Рамазон ҳайити нишонланаётган улуғ кунларда ўтказилганида чуқур рамзий маъно бор. Президентимиз Шавкат Мирзиёев сўнгги бир ярим йил ичида халқимизнинг миллий-диний қадриятларини тиклаш, маърифий исломни ривожлантириш, буюк аждодларимизнинг динимиз софлигини таъминлашга қўшган улкан ҳиссасини кенг ўрганиш ва тарғиб этиш юзасидан кўплаб ташаббусларни бошлаб берди.
Давлатимиз раҳбари БМТ минбаридан туриб исломнинг дунё миқёсидаги ўрнига, аждодларимизнинг динимиз ривожига қўшган ҳиссасига юксак баҳо берди ҳамда “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш таклифини илгари сурди. Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилди, дин масаласидаги жаҳолатга барҳам беришни кўзда тутувчи “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори жорий қилингани Ўзбекистоннинг диний бағрикенглик соҳасидаги ташаббусларининг яққол ифодаси сифатида дунё ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди.
Бундан бир йил муқаддам – 2017 йил 15 июнда мамлакатимиз ҳаётида илк бор имом-хатиблар билан ўтказилган учрашувда Шавкат Мирзиёев муқаддас динимиз поклигини асраш масаласи жамиятда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, тинч-осуда ҳаётимизни таъминлашнинг муҳим шарти эканини таъкидлаб, бу борада муҳим вазифаларни белгилаб берган эди.
Ўтган даврда мазкур йўналишда изчил ишлар амалга оширилмоқда. Юртимизда маънавий муҳитни асраш, дин йўлида адашган фуқароларни соғлом ҳаётга қайтариш бўйича кенг миқёсли ишлар бажарилди. Ўзбекистон Ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси ва бошқа исломий таълим муассасалари ташкил этилди.
Бугунги кунда Ислом цивилизацияси маркази дунёдаги 20 дан ортиқ худди шундай марказлар билан алоқалар ўрнатди. Жумладан, Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, Туркиядаги қатор илмий-текшириш институтлари, Истанбулдаги Тўпқопи музейи, Франция ислом маркази, Париждаги Лувр музейи, Санкт-Петербургдаги Эрмитаж давлат музейи ва бошқа қатор етакчи марказлар билан ҳамкорлик ўрнатилиб, бу борада 7 та меморандум имзоланди. Марказ кутубхонаси шакллантирилмоқда. Бугунга қадар унга 400 дан ортиқ ноёб қўлёзмалар харид қилинди, юртдошларимиз ўзларидаги қадимий қўлёзмаларни топширмоқда. Бу халқимизнинг имон-эътиқод, маънавият ва маърифатга интилишидан, эзгу ва савобли ишларга бош қўшаётганидан далолатдир.
Куни кеча ШҲТнинг Циндао саммитида қабул қилинган ШҲТ давлат раҳбарларининг Ёшларга қўшма мурожаати ҳам Ўзбекистон ташаббусидир.
Давлатимиз раҳбари тадбирга йиғилган диний уламолар ва барча юртдошларимизни Рамазон ҳайити билан табриклаб, шундай улуғ айём кунларида марказ қурилишининг бошланаётгани замирида эзгу ният, чуқур маъно-мазмун мужассам эканини таъкидлади.
Бу марказни қуришдан мақсад ислом маърифатини, буюк аждодларимизнинг бой меросини авваламбор халқимизга, дунё ҳамжамиятига етказишдир. Бунинг учун буюк боболаримиз меросига ўзимиз муносиб бўлишимиз, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишимиз зарур. Бошлаган ҳамма саъй-ҳаракатларимиз ёшлар таълим-тарбиясига, халқимиз тинчлик-осойишталигига, ёруғ келажагига замин яратади, деди Президентимиз.
Ушбу марказ концепциясида улуғ алломаларимизнинг меросини халқимиз, айниқса, ёшларга етказиш ғояси чуқур ифода топган. Уч қаватли бино лойиҳасидан кутубхона, қоғоз ва ёзув тарихи, аждодларимизнинг ислом дини, илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси, санъат, таълим, шаҳарсозлик ва меъморлик, анъана ва урф-одатлар, Усмон Қуръони каби заллар ўрин олган.
Бу ерга келувчилар дастлаб аждодларимизнинг хаттотлик, меъморлик, санъат ва маданият соҳаларида эришган ютуқлари, анъана ва урф-одатлари ҳақида ҳикоя қилувчи китоблар ва нодир ашёлар билан танишади, аждодларимизнинг соф ислом маърифатидан баҳраманд бўлади. Бино тархи шундай чизилганки, битта зални кўрмасдан туриб бошқасига ўтиб кетолмайсиз – узвийлик таъминланади. Энг охирида, иккинчи қаватдаги Усмон Қуръони турган залга кирилганда таассуротлар ортиб, нурга, маърифатга айланади.
Президентимиз ўтган йили 1 сентябрь куни Ҳазрати Имом мажмуасига ташриф асносида Ислом цивилизацияси марказини мазкур қадимий мажмуа ёнида барпо этиш юзасидан топшириқлар берган эди. Шунга биноан бу ердан ўн гектарга яқин жой ажратилди. Энг замонавий меъморлик тажрибалари асосида пухта лойиҳа ишлаб чиқилди.
Лойиҳага кўра марказ биноси пештоқи Самарқанддаги Улуғбек мадрасасига монанд қилиб қурилади, юқори қисми гумбаз бўлади. Усмон Қуръони турган асосий залнинг ўлчами 46х46 метр квадратни, гумбаздан то Қуръон турган жойгача бўлган оралиқ 54 метрни ташкил этади. Бино, шунингдек, ахборот-ресурс маркази, илмий кафедралар, конференция зали, хизмат хоналари ва бошқа объектларни ўз ичига олади.
Президентимиз Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарлари, дин арбоблари, маҳалла фаоллари, меъморлар билан суҳбатда мазкур иморатни буюк аждодларимиз даҳоси ва закоси, халқимиз маънавий салоҳиятига мос маҳобатли қилиб барпо этиш, уни ёшлар учун улкан тарбия мактаби, чет эллик сайёҳлар учун муқаддас қадамжога айлантириш, маҳаллий ва хорижий тадқиқотчиларга зарур шароитлар яратиш кераклигини таъкидлади.
Жамиятимизда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, турли бидъатларнинг олдини олиш, адашганларни авф этиш, имом-хатиблар малакасини ошириш, ёшлар тарбиясига эътиборни кучайтириш юзасидан тавсиялар берилди.

 

Матназар Элмуродов, ЎзА