Жорий йилнинг 26 март куни “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти, “Навоийуран” давлат корхонаси, “НКМК жамғармаси” давлат муассасаси, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетидан 100 нафар ёш “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Орол тақдири – келажак авлод тақдири” шиори остида Орол денгизининг қуриган қисмида саксовул кўчатларини ўтқазиш акциясида фаол иштирок этиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида бўлди. “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбир иштирокчилари дастлаб Хоразм вилояти Урганч шаҳрига етиб келди. Меҳмонлар Урганч шаҳридаги буюк саркарда Жалолиддин Мангуберди ҳайкалини, Хива шаҳридаги тарихий обидаларни зиёрат қилди.
“Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти геология-қидирув ишларидан тортиб, тайёр биржа маҳсулотларини олишгача бўлган ишлаб чиқариш жараёнларини тўлиқ амалга оширадиган саноат кластери ҳисобланади.
Айни пайтда комбинатда 47,5 минг нафардан зиёд ишчи-ходим (39 миллат ва элат вакили) меҳнат қилмоқда. Ундан 12,3 минг нафарини ёшлар, 11,8 минг нафарини олий маълумотли ходим, 6,2 минг нафарини хотин-қиз ташкил этади. Ходимларнинг аксарияти маҳаллий мутахассислардан иборат. Кейинги йилларда комбинат олтин ишлаб чиқариш бўйича етакчи хорижий компаниялар орасида 7-ўриндан 4-ўринга кўтарилди.
“Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти ёшлари Мўйноқ туманида саксовул кўчатларини ўтқазиш акциясида фаол иштирок этди. Улар томонидан туман марказидан 80 километр узоқликда жойлашган Орол денгизининг қуриган қисмида 100 мингта саксовул кўчати ўтқазилди.
Иштирокчилар Мўйноқ тумани Маданият уйидаги музей билан ҳам яқиндан танишди. Шунингдек тумандаги “Кемалар қабристони”да бўлиб, Орол денгизи тарихи музейига ташриф буюрди.
Тадбир иштирокчилари корхона ёшлар етакчилари кенгаши раиси С.Ражабов бошчилигида Мўйноқ туманидаги бир нечта умумтаълим мактабларида бўлиб, ўқувчилар билан суҳбатда бўлди. Ушбу мактабларга комбинат томонидан китоблар топширилди.
– Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Орол денгизининг суви қуриган тубида “яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш борасида амалга оширилаётган ишларни фақат оммавий ахборот воситалари орқали кўрган эдик, – дейди Навоий кон-металлургия комбинати ходими Ғайрат Меҳмонов. – Минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал деганларидек, мана бу жараёнларни ўз кўзимиз билан кўриб, ҳиссамизни қўшаётганимиздан мамнунмиз. Мўйноқ тумани аҳли бизни яхши кутиб олди. Ҳақиқатдан ҳам туман марказида ҳам, денгизнинг қуриган тубида ҳам катта ишлар амалга оширилаётганининг гувоҳи бўлдик. Оролнинг қуриши оқибатида юзага келган экологик муаммолар нафақат ушбу ҳудуд аҳолисининг, балки барчамизнинг муаммомиздир.
Меҳмонлар Мўйноқ тумани ҳамда Нукус шаҳрининг диққатга сазовор жойларида, жаҳонга маълум И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейида бўлди. Айниқса, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри жамоаси томонидан намойиш этилган Ч. Айтматов асари асосида саҳналаштирилган “Жамила” спектаклини катта қизиқиш билан томоша қилишди.
“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбир навоийлик ёшлар учун унутилмас саёҳат бўлиб, улар бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бири Орол тақдирига бефарқ эмаслигини амалда намоён этди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири