Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Оролни қутқариш Халқаро фонди Ижроия қўмитаси Нукус филиалининг қўллаб-қувватлаши билан хлорелла етиштирувчи лаборатория ишга туширилди.
Мутахассислиги бўйича эколог бўлган ёш тадқиқотчи Севара Рустамова республика шароитида хлорелла биотехнологиясини етиштиришни йўлга қўйди. У фойдали хусусиятларга эга бир ҳужайрали хлорококк сув ўти бўлиб, асосий макони кўллар ҳисобланади. Афсуски, Орол денгизи сувининг қуриб, кўлларнинг йўқ бўлиб кетиши билан ушбу ўсимлик 10 йилдан зиёд вақтдан буён деярли учрамади.
Хлорелла ҳужайраларида 23 аминокислота бўлиб, макро ва микро витаминларга, шунингдек, каротинга бой ҳисобланади. Уни етиштириш учун ҳовуз, оқар ва қудуқ сувларидан фойдаланиш мумкин. Давлатимиз раҳбарининг 2023 йилнинг 30 март куни Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида Нукус ёшлар технопаркида бўлиб, ёш фермер ва олимларнинг қуритилган органик помидор, оқова сувларни тозалаш ва балиқларга озуқабоп ўсимлик лойиҳалари билан танишди. Президентимиз бу лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш, амалиётга кенгроқ жорий этиш топшириғини берган эди.
Ушбу топшириқ ижроси сифатида Севара Рустамованинг Қорақалпоғистон шароитида “Chlorella vulgaris” ўсимлигини интенсив кўпайтириш ва қишлоқ хўжалигида қўллаш, янтоқ ва қамишдан фойдаланган ҳолда гидропоника усулида тайёрланадиган маҳсулот асосида чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик хўжаликлари учун инновацион озуқа ишлаб чиқариш лойиҳасига Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан 1 миллиард 500 миллион сўм маблағ ажратилди. Шу билан бирга, ушбу организмни тўлиқ ўрганиш ва етиштириш учун Тахиатош тумани “Найман” овул фуқаролар йиғини ҳудудидан 3,8 гектар ер майдони ажратилди.
Бугунги кунда тумандаги 6 та кўлда оқар сув ва ҳавони тозалайдиган бир ҳужайрали сув ўти кўпайтирилмоқда. Натижада Тахиатош иссиқлиқ электр станциясидан чиқадиган чиқинди сувларни тозалаш учун фойдаланиш имконияти пайдо бўлди. Чунки хлорелла паст даражадаги сувнинг ичида яшил озиқлантирувчи ўрнини боса олади.
Ёш инноватор хлореллани табиат жонкуяри деб ҳисоблайди. Унинг ёрдамида қишлоқ хўжалигида янги инновацион услублардан интенсив тарзда фойдаланиш лойиҳасини ишлаб чиқди. Ушбу лойиҳа учун Оролни қутқариш Халқаро фонди Ижроия қўмитаси Нукус филиали томонидан 1 миллиард 500 миллион сўм маблағ ажратилиб, “Bio organic export products” жамияти негизида органик лаборатория ишга туширилди. Оналик ҳужайрани етиштирувчи ушбу органик лабораторияда ҳар ойда 25–30 тонна хлорелла суспензияси интенсив услубда етиштирилмоқда.
–Хлорелла тупроқнинг ҳосилдорлигини ошириш ва заҳарли кимёвий моддалар билан зараркунандаларнинг олдини олишда кўплаб афзалликларга эга, – дейди ёш тадқиқотчи Севара Рустамова. – Шунингдек, ушбу сув ўтини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда органик биостимулятор сифатида фойдаланиш мумкинлиги илмий жиҳатдан исботланган. Шу билан бирга, оқар сувларни биологик тозалашда, ёпиқ экотизимларда ҳавони қайта тозалашда ва фотосинтез жараёнларни ўрганишда кенг миқёсда фойдаланилади.
Энг асосийси, хлорелла инсон саломатлиги учун фойдали бўлиб, организмдаги токсинларни олиб ташлайди ва аксарият патологик ҳолатларнинг олдини олади. Оқсил ва ёғга бой майда сув ўти инсоннинг турли инфекцияларга қарши иммунитетини оширади. Унинг таркибидаги лютеин ва зеаксантин кўз нурини яхшилашга, зарарли ультра нурланишдан ҳимояланишга ёрдам беради.
Севара Рустамова раҳбарлик қилаётган “Ёш олимлар академияси” масъулияти чекланган жамият аъзолари инсониятни экологик хавф-хатарлардан ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда. Ер қатламини чўлланиш ва қурғоқчилик эгаллаб олаётган бир даврда қорақалпоғистонлик ёш олимлар бефарқ бўлмасдан, табиий ва инновацион йўл билан муаммога ечим топишга ўз ҳиссаларини қўшмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.