Интернет ва оммавий ахборот воситаларида тажовузкор экстремизмнинг олдини олиш чоралари Ўзбекистон мисолида

«Терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализмнинг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашишда ёшларнинг роли» мавзуидаги халқаро конфенренциянинг ОАВ ва интернетда тажовузкор экстремизмни бартараф этишга доир масалаларга бағишланган навбатдаги ялпи йиғилишида ЕҲХТ нинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича Вакиллар Бюроси Катта маслаҳатчиси Елена Чернявска, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Бош директорининг биринчи ўринбосари Собир Шукуров, БМТ миграция агентлигининг Марказий Осиё бўйича минтақавий координатори Деян Кесерович ва бошқалар сўзга чиқди. 
Халқаро анжуман иштирокчилари қайд этганидек, ҳозирда ОАВ ва интернет сўз ва фикр эркинлигини ифодалаш билан бирга аниқ ғоялар ва қадриятларни илгари суриш вазифасини ҳам бажариб келмоқда. Бугунги кунда интернет фойдаланувчиларининг ўртача ёши 24 эканлиги ҳисобга олинса, терроризмга қарши курашишда ёшларни экстремизм ғоялари билан ёзилган янгиликларни танқидий ёндошган ҳолда ўқиш ва муҳокама қилишга ўргатиш масаласи ҳам кунтартибига чиқиши лозим.
Ялпи йиғилишда Интернет ва оммавий ахборот воситаларида тажовузкор экстремизмнинг олдини олиш чоралари Ўзбекистон мисолида ҳам таҳлил қилинди.
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Бош директорининг биринчи ўринбосари Собир Шукуров таъкидланганидек, мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларининг самарали фаолият кўрсатиши учун 10 дан ортиқ қонун ва 30 га яқин қонуности ҳужжатлари қабул қилинган. Уларга мувофиқ оммавий ахборот воситаларидан Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилиш, уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилиш, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи ахборот тарқатиш мақсадида фойдаланилишига йўл қўйилмайди.
Шунингдек, “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида алоҳида модда (20-модда) мавжуд бўлиб, унда терроризмга қарши курашда оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик масалалари белгиланган.
Бундан ташқари, 2017 йил 8 сентябрда “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида айланиш учун мўлжалланган оммавий ахборот воситалари маҳсулоти, босма маҳсулот, ҳар қандай турдаги ташувчилардаги аудиовизуал маҳсулот, дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда тарқатиладиган, телекоммуникация тармоқларига, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириладиган ахборот, компьютер ўйинлари, шунингдек томошабоп тадбирлар воситасида тарқатиладиган ахборотлар уни жойлаштирадиган ёки тарқатадиган шахс томонидан белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилиши ҳамда ахборотнинг ёшга доир таснифи жойлаштирилиши белгиланди.

 

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА