Саид Аҳмад таваллудининг 98 йиллигига
Саид Аҳмад ҳақида билганларим у қадар кўп эмас эди: «Келинлар қўзғолони» – комедия, «Уфқ» – триология, Саида Зуннунова – рафиқаси… Унинг кичик ҳажвиялари-ю, йирик асарларида халқимизнинг содда-донишмандлиги, бағрикенглиги, жўмардлиги акс этиб туради. Билардимки, унинг юморга бой, ҳажвиёна гап-сўзлари давраларга файз бағишлаган.
Талабалигимда Ўзбекистон халқ ёзувчиси, севимли адибимиз Ўткир Ҳошимовнинг бир муддат берган сабоқлари, айниқса, Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова ҳақида сўзлаб берганлари чексиз таассурот қолдирган.
Саид Аҳмад номи одатда Саида Зуннуновасиз тилга олинмайди. Унинг номини эшитишингиз билан кўз ўнгингизда Саида Зуннунова – вафодор аёл, пўлат иродали инсон тимсоли гавдаланади.
Ўткир Ҳошимовнинг талабаларга сўзлаб берган қуйидаги ҳикояси ўйлайманки сизга ҳам қизиқ:
Устозим Саид Аҳмад аканинг хонадонида кўп бўлганман. Саида опанинг дастурхонидан туз тотганман. Бир қанча асарларим қўлёзмасини Саид Аҳмад ака билан бирга Саида опа ҳам ўқиган. Самимий, жўяли маслаҳатлар берган…
Бир сафар Саид Аҳмад ака билан Водилга бордик. Устоз ўзининг “теша тегмаган” хушчақчақ гурунги билан даврани обод қилиб ўтирди. Иттифоқо, бир киши Саида опанинг ҳаётдан эрта кетгани ҳақида ўкиниб гапириб қолди. Саид Аҳмад ака индамай ўрнидан турди-да, сигаретининг учини эзғилаган кўйи нари кетди. Анчагача устоздан дарак бўлмагач, кўнглимга ғулғула тушди. Излаб борсам, сой бўйидаги каттакон харсангтош устида сигарет чекиб ўтирган экан.
Сувнинг шовуллашидан келганимни эшитмадими, қайрилиб қарамади. Яқин бориб қарасам, ботиб кетаётган қуёшга тикилиб ўтирибди. Икки кўзи жиққа ёш! Қўрқиб кетдим. “Унақа қилманг, устоз” деб елкасига кафтимни қўйган эдим, чуқур хўрсинди. “Болам, бу дунёга нуқул азоб чекиш учун келган эканман”, – деди-да юзини кафти билан тўсиб олди…
Шу кеча бошига тушган савдоларни бирма-бир гапириб берди. Умрининг энг бахтли онлари ҳам бахтсизлик билан қоришиб кетганини айтди. Саида опага уйланган куни Тошкентда тўй бўлган, Андижонда – аза! Ўша оқшом Саида опанинг укаси тўсатдан вафот этиб қолган. Ёш келин-куёв бир-бирининг дийдорига тўймай туриб, 1950 йилнинг баҳорида кўчада кетаётган ёш ёзувчини икки «сўхтаси совуқ» қўлидан ушлаб, машинага тиққан-у, ҳе йўқ-бе йўқ “халқ душманисан”, деб ўн бир ой “одиночка”га ўтқазиб қўйган. Гуноҳи нималигини билмаган одамнинг, айниқса, кўнгли қоғоздек оппоқ ижодкорнинг салкам бир йил қоронғу камерада ўтиришини тасаввур қилинг. Буниси ҳам майли, Саид Аҳмад қамалгач Саида Зуннуновани ҳам сиқувга оладилар. Ёзувчилар уюшмасида мажлис қилиб, “Ёки эрим халқ душмани. Ундан воз кечаман, деб тилхат ёзиб берасан, ёки ёзувчилар сафидан ўчириласан”, деб шарт қўядилар.
Ўша машъум йилларда эрининг “халқ душмани” эканини тасдиқлаб, газетага ёзиб чиққанлар ҳам, эрини қаматиб юборганлар билан “апоқ-чапоқ” бўлиб кетганлар ҳам бўлган. Балки шоирани ўртага олиб “талаган” ҳамкасблар Саида Зуннуновадан ҳам шуни кутгандир. Аммо Саида опа бошқача йўл тутган:
– Майли, эримни “халқ душмани” дейишим мумкин. Аммо менинг ҳам битта шартим бор. Мени эрим билан юзлаштиринглар. Эрим ўз оғзи билан “Ҳа, мен халқ душманиман”, деса, ўшанда ишонаман…
Шоирани ҳақорат қиладилар. Ёзувчилар уюшмасидан ҳайдайдилар. Асарларини босишни тақиқлаб қўядилар. Ёш келинчак билан қайнона ночор кун кечира бошлайди. Шунда Саида опа келинлик бисоти – тилла тақинчоқларини сотиб, ёзув машинкаси харид қилади. Қозоқ адиби Мухтор Авезовнинг давлат нашриётида чиқаётган “Абай” романи таржимасини машинкадан чиқаради ва меҳнати эвазига ҳақ олиш учун нашриётга боради.
Ўша йиллари нашриётда Касабов, деган машҳур бухгалтер ишлаган экан. Лақаби “Қассобов” бўлган. Сабаби – қалам ҳақи олишга келган одам борки “Қассобов”га “чўтал” тўлашга мажбур экан. Ҳатто Ойбек, Ғафур Ғулом каби буюк шоирлар ҳам “Қассобов”га ширинкома беришган.
Шундай қилиб Саида Зуннунова ҳам “машинисткалик” қилиб топган пулини олиш учун нашриётга боради. Ўзига тегишли бўлган ҳақни олгач, “Қассобов”га “улуш” ташлаб, чиқиб кетади. Шунда бухгалтер унинг орқасидан югуриб чиқади. Йўлак бошида унга етиб олиб, шундай дейди:
– Қизим, келиб-келиб сендан пул оламанми? Ма, ўзингга ишлат. Сен қизим, хафа бўлма. Худо хоҳласа, эринг қутулиб келади. Бу кунлар унутилади.
Хўрликлар кўравериб, ҳақоратлар эшитавериб, юраги тош қотиб кетган, бутун иродасини муштига тугиб, ҳеч кимнинг олдида бир томчи ёш тўкмасликка қасам ичган Саида опа, қўни-қўшнилар у ёқда турсин, унча-мунча қариндошлар ҳам “халқ душмани”нинг хотинидан юз ўгирган бир пайтда етти ёт бегона одамдан бу гапни эшитиб, йиғлаб юборади.
Инсон қалбини ларзага келтирувчи ушбу ҳаётий ҳикоя қаҳрамонларининг садоқати, вафоси, жасорати бугунги тинчлик-тўкинчилик замонида «характерларимиз тўғри келмади, бир-биримизни тушуна олмадик» ёки бўлмаса «эрим ишламайди» сингари важлар билан оиласидан нолийдиган, турмушидан ажралаётган аёлларимиз учун сабоқ бўлса, ажабмас.
…Одамлар, қадрланг бир-бирингизни,
Гул ҳам, муҳаббат ҳам тирикка керак…
Саида Зуннунова ижодига мансуб ушбу мисраларни ўқир эканман, бу иккала шахс ўзбек адабиётининг йирик дарғалари, меҳр-муҳаббат, садоқат, вафо рамзи эканлигига яна бир бор амин бўламан.
Шу ўринда яна бир маълумот. «Ўзбеккино» миллий агентлиги буюртмасига асосан суратга олинаётган «Саид ва Саида» номли бадиий фильмда ёзувчи Саид Аҳмаднинг туҳмат билан қамалиши, қатағон қилиниши ҳамда рафиқаси Саида Зуннунованинг садоқати, уларнинг ўзаро ёзишмалари билан боғлиқ ҳаётий воқеалар акс эттирилади.
Бошига тушган кўп кўргуликларга қарамай, нолимаган, ҳаётдан безмаган, аксинча, гўзал, нурли асарлар яратган, мустақилликдан сўнг янада самарали ижод қилган Ўзбекистон Қаҳрамони Саид Аҳмад ва унинг рафиқасига бағишланган мазкур фильм бугунги ёш авлод учун ўрнак бўлади, албатта.
Моҳигул Қосимова, ЎзА