Март ойининг дастлабки, ўн кунлигида мамлакатимиз регби мухлислари икки мусобақа гувоҳига айланди
Жумладан, Малайзиянинг Сандакан шаҳрида регби-7 бўйича ўтказилган “Borneo Sevens” халқаро турнирида Белгия, Австралия, Ҳиндистон, Малайзия, Индонезия, Янги Зеландия, Сингапур ва Ўзбекистон давлатларининг жамоалари иштирок этди. Унда Ўзбекистон аёллар терма жамоаси кумуш медални қўлга киритган бўлса, эркаклар терма жамоаси турнирни тўртинчи ўринда якунлади.
Шунингдек, Тошкент шаҳридаги енгил атлетика ва жамоавий спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган спорт мактаби стадионида, спортнинг регби -7 тури бўйича республика турнири ўтказилди. Ушбу турнирда Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Навоий, Наманган, Хоразм, Сирдарё, Андижон ва Бухоро вилоятларидан 18 ёшгача бўлган қизлар қатнашди.
Мамлакатимизда ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ўлкамизда регбини ривожлантириш ҳамда ёзги Осиё “Тошкент 2025” ўйинларига спортчи қизларни саралаб олиш мақсадида ташкил этилган мусобақада Хоразм вилояти жамоаси биринчи, Наманган ва Фарғона вилоятлари жамоалари эса иккинчи ҳамда учинчи ўринлардан жой олди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА