1200px-Spb_06-2012_Palace_Embankment_various_06.jpg
 
Россия фанлар акедемияси Шарқ қўлёзмалари институтида Ўзбекистонга оид нодир қўлёзмалар сақланади.
r_jabborov.jpg
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридан
журналист Рустам ЖАББОРОВ
ЎзА учун махсус        
Россиянинг Санкт-Петербруг шаҳрида, асов Нева дарёси соҳилида Россия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институти жойлашган. Бу даргоҳда Ўзбекистондан келтирилган ёхуд ўзбек халқининг бой маданий меросига тааллуқли ўнлаб бебаҳо қўлёзмалари сақланади. Улардан бири милодий VIII асрда араб алифбсининг кўфий-ҳижозий хатида кўчирилган Қуръони Карим нусхасидир. Қўлёзманинг бир нечта саҳифаси Ўзбекистонда – Қашқадарё вилоятида, Тошкент ва Бухоро шаҳарларида сақланмоқда. Қолган саҳифалар қаерда экани айни пайтгача номаълумлигича қолаётир.
a68d65a8853b9dd1f6ad204a1d81d33b.jpg
73-0.jpgМаълумотларга кўра, бу китоб бир пайтлар Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Катта Лангар қишлоғида, тасаввуфдаги Ишқия тариқати шайхлари хонақоҳида сақланган. Шу боис ушбу қўлёзма илмий жамоатчилик орасида “Катта Лангар Қуръони” номини олган. Китобнинг катта қисми – 81 саҳифаси қандай қилиб Россияга бориб қолгани ҳақида ҳам турли тахминлар мавжуд. У Шарқ қўлёзмалари институтига ўтган асрнинг 30-йиллари охирида келтирилган.
Кейинги йилларда бир қатор олимларнинг илмий изланишлари, замонавий текширувлар натижасида Ўзбекистон ва Россияда сақланаётган саҳифалар айнан битта қўлёзманинг таркибий қисмлари экани, улар чиндан ҳам бундан 13 аср муқаддам кўчирилгани аниқланди. Мутахассислар фикрича, у Қуръони Каримнинг ислом оламидаги энг қадимий ва мўътабар нусхаларидан бири ҳисобланади.
2017 йилда “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳаси доирасида Европа технологиялари асосида “Катта Лангар Қуръони”нинг факсимиле нусхалари яратилди. Мазкур нусхалар ўтган вақт давомида мамлакатимиздаги бир қатор илмий ва диний муассасаларга тарқатилди.
b965f00b-2ba7-4b3f-9b8e-6e777e912348.jpg
Ушбу нусхалардан бир нечтаси “Ўзбекистон маданий мероси – Халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқотга йўл” Иккинчи халқаро конгресси доирасида Санкт-Петербург шаҳрига келтирилди. Улардан бири қўлёзманинг асл нусхаси сақланаётган Шарқ қўлёзмалари институтига совға қилинди.
– Бир қарашда бу бироз ғалати туюлиши мумкин, – дейди лойиҳа раҳбари, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси раиси Фирдавс Абдухолиқов. – Аввало, бу ушбу нодир қўлёзмадан нусха олиш имконини берган институт раҳбариятидан миннатдорлигимиз ифодаси. Қолаверса, мазкур қўлёзмани тадқиқ қилмоқчи бўлган олим ва мутахассислар учун факсимиле нусхаси жуда қўл келади. Асл нусха эса, институтнинг бебаҳо хазинаси сифатида дахлсизлигича қолиши лозим.
1f76455c-d6ab-4405-8f95-69879534a172.jpg
Ўзбекистондан борган делегация аъзолари институтга, шунингдек, Ўзбекистондаги маданий ёдгорликлар ва улардаги битиклар ҳақда ҳикоя қилувчи “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” китоб-альбомлар тўплами туҳфа қилинди.
– Ўзбекистонга оид қўлёзмаларни ҳақиқий маънода институтимизнинг фахри, деб айта оламиз, – дейди Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти директори Ирина Попова. – Ўзбекистон ҳукумати ва илмий жамоатчиликнинг ўз халқи маданий меросини тадқиқ этишга қаратилган ташаббус ва ҳаракатлари таҳсинга лойиқ. Бизнинг институтимиз эшиклари ўзбекистонлик меҳмонлар, тадқиқотчилар, олимлар учун ҳамиша очиқ. Сиз билан ҳамкорлик қилишдан ҳамиша мамнуният ҳиссини туямиз.
Санкт-Петербургда ўтаётган “Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқотга йўл” Иккинчи халқаро конгресси доирасида мазкур илмий даргоҳда “Шарқ қўлёзмалари институтида Шарқ китобат санъатининг нодир дурдоналари” номли кўргазма ҳам ташкил этилди. Кўргазма иштирокчиларига “Катта Лангар Қуръони”нинг асл нусхаси саҳифалари, Абу Райҳон Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, Алишер Навоийнинг “Кулллиёти”, “Лисонут-тайр”, “Вақфия” сингари асарлари, Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон сингари шаҳарларимизда яратилган китобат санъатининг нодир намуналари намойиш этилди.

 

ЎзА