Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида узоқ йиллик танаффусдан сўнг А.Бегимов ва Т.Алланазаровлар муаллифлигидаги “Ғариб Ошиқ” мусиқали драмаси қайта саҳналаштирилди.
– Мазкур спектаклни қайта қўйилиши халқимиз олқишига сазовор бўлмоқда, – дейди Қорақалпоғистон санъат арбоби, спектаклни саҳналаштирувчи режиссёр Бауатдин Баймурзаев. – Муҳтарам Юртбошимиз ўтган йили зиёлилар билан учрашувида театр саҳналарида тарихий асарларни қўйишни вазифа қилиб белгилаб берган эди. Бу каби тарихий асарлар қайси даврда бўлмасин, ўз қимматини йўқотмайди, томошабинлар юрагида мангу яшайди
Бу мусиқий драма энг аввал 1955 йилда саҳнага чиққан бўлса, унда асосий ролларни Юлдаш Мамутов ва Тўхта Раҳмановалар ижро этган. 1955, 1972 йилларда янги репертуарлар билан бойиб борган мазкур спектакл мустақилликнинг илк йиллари Бауатдин Баймурзаев томонидан қайта ишланди. 1991 йилда Қозоғистон Республикасининг Олма Ота шаҳрида ўтказилган Қорақалпоқ театр кунларида қўйилиб, муваффақиятга эришган.
Янги талқиндаги мусиқали драмада Баҳодир Разимбетов (Ғариб), Инжайим Комекбаева (Шоҳсанам), Ўзбекистон халқ артисти Б.Назаримбетов (Шоҳаббос), Ўзбекистон халқ артисти М.Сапаева (Ободон), Қорақалпоғистон халқ артисти С.Даулетова (Гулсанам), М.Усенов (Ҳокимзода), А.Аманиязов (Абдулла) ва бошқалар иштирок этди.

 

Есимхон Қаноатов, ЎзА