Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудлар иқтисодиёти, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида 15 февраль куни Андижон вилоятига ташриф буюрди.
Ташриф дастурида кўзда тутилган манзиллар ва режалар кўп. Биринчиси “Асака текстиль” кластерининг тўқимачилик корхонаси бўлди.
Бу улкан мажмуа иқтисодий контрастнинг ёрқин мисоли. 2016 йилгача бу ер ташландиқ жой эди. Давлатимиз раҳбари тадбиркорларга берган руҳ ва мадад натижасида бу ерда босқичма-босқич янги бинолар қурилиб, 2022 йил августда ишга туширилди. Бугунги кунда 83 миллион долларлик лойиҳа эвазига хомашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган тўлиқ «занжир» ташкил этилган.
Хусусан, кластер тизимида Андижон вилоятининг Улуғнор ва Жалақудуқ туманлари ҳамда Хоразм вилоятининг Янгибозор туманида 11 минг 200 гектар майдонда пахта етиштирилади. Шундан 2 700 гектарда томчилаб суғориш йўлга қўйилган.
Асакадаги корхонага Швейцария, Италия, Туркия, Германия, Япониядан ускуналар келтириб ўрнатилган. У йилига 11 минг тонна ип-калава, 8 минг тонна момиқ ва трикотаж мато, 12 минг тонна ип ва матони бўяш, 6 минг тонна тайёр трикотаж ва сочиқ ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу ерда 3 минг 200 киши ишламоқда.
Корхонада хорижий ҳамкорлар талабига асосан сифат назорати, касб ўргатиш маркази ташкил этилган. Бўёқ цехидан чиққан сувни тозалаш иншооти ҳам ишга туширилган.
Умуман, кластер томонидан 102 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилиб, йиллик 50 миллион долларлик экспорт қуввати яратилган. Бундан етти йил олдинги ҳолат билан солиштирганда даромад, иқтисодий манфаатдорликдаги фарқ ер билан осмонча.
Келгуси йилларда кластер томонидан Улуғнор туманида 70 минг тонна пахта толасини қайта ишлаш заводи, тикув-трикотаж ва пайпоқ ишлаб чиқариш корхонаси ташкил қилиниши режалаштирилган. Уларда яна 1 минг 600 дан зиёд иш ўрни очилади.
Шу ерда Андижон вилояти мисолида пахта-тўқимачилик саноатини ривожлантириш концепцияси бўйича ахборот берилди. Қайд этилганидек, ишлаб чиқариш таннархи 15 фоизга қисқартирилади, 65 фоиз қўшилган қиймат яратилади. Дизайнер ва технологлар мактаби ташкил этилади. Нуфузли брендлар ва ритейлерлар жалб этилиб, тармоқ корхоналари экспорти 800 миллион долларга етказилади.
Давлатимиз раҳбари кластер билан фермерлар ўртасидаги муносабатларда манфаатдорликни ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратди.
– Қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларини ривожлантираяпмиз. Мақсадимиз – ерга нисбатан эътиборни, маҳсулот етиштирувчилар манфаатини кучайтириш. Соҳанинг қуйи бўғини бўлган деҳқон ва фермерлар ҳам рақобатбардош бўлиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президент корхонада ишлаётган тикувчи аёллар билан суҳбатлашди. Уларнинг айримлари ўз туманида юқори маошли иш пайдо бўлгани учун меҳнат муҳожирлигидан қайтиб келган.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбари Андижон туманидаги “Андижон саноат хаби”даги корхоналар фаолияти билан танишди.
105 гектар майдонни эгаллаган ушбу саноат ҳудудида машинасозлик, электротехника, қурилиш материаллари каби тармоқлардаги 12 та лойиҳа жойлашган. Улардан бири – “Авто Спринг Компонентс” масъулияти чекланган жамияти. Умумий қиймати қарийб 60 миллион АҚШ доллари бўлган бу корхона йилига 18 минг тонна пўлат деталлар ишлаб чиқариш қувватига эга.
Маълумки, қуйма деталлар саноатнинг асоси ҳисобланади. Уларни ишлаб чиқариш юксак малака ва технологиялар талаб этади. Хусусан, илгари мамлакатимизнинг автомобилсозлик ва машинасозлик тармоқларида бундай қисмлар импорти катта ўрин тутарди. Уларнинг маҳаллийлаштирилиши энди таннархни камайтириб, рақобатбардошликни оширади.
Корхонада Хитой ва Германия давлатлари технологиялари асосида пўлат қисмлар тайёрлаш лойиҳаси бошланган. Металл қуюв қисми АҚШ, механик ишлов бериш қисми Хитой компаниялари томонидан лойиҳалаштирилган. Ўтган йили 4 турдаги қишлоқ хўжалиги техникаси учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилган.
Бу лойиҳанинг биринчи босқичи бўлиб, 140 та иш ўрни яратилган. Шу йилнинг май ойида автомобиллар учун қуйма қисмлар тайёрланадиган иккинчи босқич ишга туширилади.
Бу ноёб корхона бир вақтнинг ўзида 12 тонна металл эритиш имкониятига эга. Яна бир самарали томони, хомашёлар Асака туманидаги автомобиль заводининг темир чиқиндиларидан олиниб, қайта ишланади.
Мажмуа тўлиқ қувватга чиққанда, йилига 27 миллион долларлик маҳсулотлар маҳаллийлаштирилади. Президентимизга маҳаллийлаштириладиган маҳсулотлар ҳақида ахборот берилди. Бунда таннархни камайтириш ва «яшил» технологияларни қўллашга катта эътибор қаратилади.
Жорий йилда умумий қиймати 156 миллион долларлик 10 та лойиҳа ишга туширилиб, 2 минг кишининг бандлиги таъминланади. 2025 йилда умумий қиймати 14 миллион долларлик 2 та лойиҳани амалга ошириб, яна 400 та иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари “Андижон саноат хаби”да вилоятда ишлаб чиқарилаётган мебеллар кўргазмаси билан танишди.
Андижон вилоятида 377 та мебелсозлик корхонаси фаолият юритмоқда. Сўнгги 5 йил давомида мазкур йўналишда 35 миллион долларлик 84 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 3 мингдан зиёд иш ўрни яратилган. Мебель ишлаб чиқариш ҳажми 2016 йилга нисбатан 15 баробарга ортган.
Мебелсозлар учун солиқ, божхона тўловлари бўйича қатор имтиёзлар жорий этилгани, экспортдаги харажатлар ҳамда хориждан жалб этилган мутахассислар иш ҳақининг қисман қоплаб берилиши соҳа вакилларига катта рағбат бўлмоқда.
Бугунги кунда йилига 300 миллиард сўмлик маҳсулотлар тайёрланиб, минтақа мамлакатларига экспорт қилинмоқда.
Президентимиз корхоналар таъсисчилари билан суҳбатлашди.
– Ўтган йиллардаги энг катта ютуқлардан бири тадбиркорларимизда онг ўзгарди, ишонч ортди. Бугун улар рақобатбардош бўлиб, дунёга чиқяпти. Булар ҳам фаолиятини оддий ишдан, маҳалладан бошлаган. Бошқалар ҳам шундай қилса бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шу ерда аҳоли тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
Андижон вилоятида 41 та маҳалла мебелсозликка ихтисослашган. Масалан, Олтинкўл туманидаги Ижтимоят маҳалласида 490 та хонадонда мебель тайёрлаш кооперация усулида йўлга қўйилган.
Бундан ташқари, якка тартибда рўйхатдан ўтган ва ўзини ўзи банд қилган ҳунармандлар ҳам кўп. Минглаб ёшлар “Устоз-шогирд” анъанаси асосида ҳунар ўрганмоқда.
Шу боис мебелчиликни янада ривожлантириш бўйича иш олиб борилмоқда. Андижон ва Олтинкўл туманларида бунга ихтисослашган 2 та саноат зонаси ташкил этилмоқда.
Ушбу тажриба асосида вилоятдаги 909 та маҳалланинг имкониятларини ўрганиб, сердаромад йўналишларга ихтисослаштириш чоралари муҳокама қилинди. Бунинг учун давлат томонидан инфратузилма яратилиб, моддий-ташкилий жиҳатдан кўмак берилади. Мақсад – Андижон вилоятини ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантиришга интилиш.
Президент Андижон вилоятида амалга оширилиши режалаштирилган йирик лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Қайд этилганидек, хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда жами 1,7 миллиард долларлик 26 та лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. Улар энергетика, электротехника, машинасозлик, тўқимачилик, қурилиш материаллари, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, таълим ва инфратузилма каби муҳим соҳаларни ўз ичига олади.
Масалан, мини гидроэлектростанциялар, уй-жой ва кўнгилочар масканлар қуриш, электробуслар ва улар учун аккумуляторлар, керамогранит ва бетон панеллар, дори воситалари ишлаб чиқариш, гилос ва резавор мевалар етиштириш каби лойиҳалар кўплаб иш ўринлари, иқтисодий самарадорлиги билан халқимизга катта манфаат келтиради.
Давлатимиз раҳбари хитойлик инвесторлар билан суҳбатлашди. Улар Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги стратегик шериклик юксак даражага чиққани, мамлакатимиздаги улкан имкониятлар ишбилармонларга ишонч бераётганини таъкидлашди.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Марҳамат туманидаги шахмат мактаби ва кутубхонада бўлди.
Юртимиз олдиндан салоҳиятли шахмат мактабига эга. Бугун ҳам болалар ўртасида «ақл гимнастикаси»га қизиқиш катта. Уларнинг бу иштиёқини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш мақсадида Марҳамат туманида ҳам мажмуа бунёд этилди. Эркин Воҳидов номидаги ушбу мактабда ўқувчилар дарсдан бўш вақтларида ақл машқидан сабоқ олади. Уларнинг маҳоратини ошириш учун тажрибали мураббийлар жалб қилинган. Ўқув-машғулот хоналари ва мусобақа зали мавжуд. Компьютерлашган илғор дастурлар ёшларга манзур бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбари бу ерда сабоқ олаётган ўғил-қизларнинг интилишларини қўллаб-қувватлаб, эзгу тилаклар билдирди. Бу муассасани бошқа шахмат мактаблари билан боғлаб, тажриба алмашиб бориш муҳимлигини таъкидлади.
Ушбу мактабга туташ Ёшлар кутубхонаси ҳам қурилган. У кенг ва шинам, бир вақтда 150 дан ортиқ китобхон мутолаа қилиши мумкин. Кутубхона 30 минг нусхадан зиёд адабиётга эга, қатор ахборот марказлари тармоғига уланган. Шулар боис ёшларнинг севимли масканига, интеллектуал ўйинлар, ижодий учрашувлар, китоб тақдимотлари ўтказиладиган қайноқ даргоҳга айланган.
Президент шу ерда андижонлик ёшлар билан мулоқот қилди.
– Биз иқтисодиётимизни ривожлантириб, аҳоли жон бошига даромадларни ошириш, иш жойларини кўпайтиришга ҳаракат қилаяпмиз. Андижонда ҳам катта режаларимиз бор. Бунда аввало сизларга таянамиз. Ҳар бир билимли ёш – Ватан ҳимоячиси, – деди Шавкат Мирзиёев.
Таълим тизимидаги янгиликлар, ёш авлодга яратилаётган шароитлар, илмий-ижтимоий лойиҳалар ҳақида сўз борди. Президент ёшлар билан янги ташаббуслар юзасидан фикрлашди. Шунингдек, уларнинг таклифларини қўллаб-қувватлаб, мутасаддиларга кўрсатмалар берди.
Давлатимиз раҳбари Андижон шаҳридаги 2-ихтисослаштирилган мактаб-интернатини ҳам кўздан кечирди.
Мазкур муассаса ўтган йили 50 миллиард сўм давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қурилган. У 504 ўринга мўлжалланган бўлиб, 5-11-синфларда аниқ ва табиий фанларни чуқур ўқитишга ихтисослашган. Мактабга ўқувчилар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан имтиҳон асосида олинади.
Мактаб-интернатда 60 дан ортиқ ўқув ва компьютер хоналари, чет тили синфлари, лаборатория мавжуд. Шунингдек, 222 ўринли ётоқхона, ошхона, спорт зали замонавий жиҳозланган.
Президентимиз шу ерда ўқитувчилар билан суҳбатлашди. Мактабнинг юқори синфлари билан олийгоҳ дастурлари ўртасида узвийликни таъминлаш, бир-бирини такрорлайдиган дарсларга ёшларнинг вақтини кетказмасдан, кўпроқ амалиётга йўналтириш бўйича кўрсатмалар берди. Умуман, мактабларга таълим, тарбия ва маънавият бўйича янги муҳит олиб кириш кераклиги таъкидланди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари Андижон шаҳрида бунёд этилаётган Универсал спорт мажмуасини бориб кўрди.
Ҳозирда тўрт минг томошабинга мўлжалланган ёпиқ зал қурилган. Унда бир нечта спорт тури бўйича мусобақалар ўтказиш мумкин бўлади. Жумладан, жорий йил кузда футзал бўйича жаҳон чемпионатининг айрим ўйинлари шу ерда ўтказилади.
Йирик мажмуада бассейн, кафе, ресторан ҳам бўлади. Машҳур спортчиларнинг маҳорат мактаблари учун ҳам шароит яратилади. Машғулотлар спорт федерациялари ва олий таълим масканлари билан боғланган ҳолда олиб борилади.
Мажмуани самарали эксплуатация қилиш, замонавий бошқарувни жорий этиш лозимлиги айтилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Андижон шаҳридаги марказий қозонхонани бориб кўрди.
У яқинда имтиёзли хорижий кредит эвазига реконструкция қилиниб, Хитойда ишлаб чиқарилган 3 та энергия тежамкор қозонлар ўрнатилган. 28 километр иссиқлик қувурлари ётқизилиб, 373 дона индивидуал иссиқлик пунктлари ташкил этилган. Шунингдек, 2 минг киловатт қувватли трансформатор ўрнатилиб, юқори кучланишли электр тармоғи тортилган.
Натижада шаҳардаги 271 та кўп қаватли уй ва 30 та ижтимоий объект марказлашган иссиқ сув ва иссиқлик таъминотига эга бўлади. Шу билан бирга, бир йилда 16 миллион метр куб табиий газ, 2 миллион киловаттдан зиёд электр энергияси тежаб қолинади.
Шу ерда 2024-2026 йилларга мўлжалланган навбатдаги лойиҳалар ҳақида ахборот берилди. Унга кўра, Андижон шаҳридаги яна 5 та қозонхонани реконструкция қилиш, 33 километр иссиқлик тармоқларини қуриш ва 114 та кўп қаватли уйнинг ички иситиш тизимларини янгилаш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари бу лойиҳаларни жадаллаштириб, аҳолини барқарор иссиқлик билан таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.
Президентимизнинг Андижон вилоятига ташрифи давом этмоқда.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, Икром АВВАЛБОЕВ,
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА мухбирлари