94a345ea-94e2-45da-b0c8-0f4cbeb22178.jpg
 
Нукус шаҳрида 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан спорт фестивали бўлиб ўтди. Тадбир Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ташкил этилди.
Тадбирда ўзбек футболи намоёндалари ва таниқли эстрада вакилларидан иборат делегация иштирок этди. Миллий олимпия қўмитаси Президенти У. Аҳмаджонов ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М. Ерниязов йиғилганларни байрам билан қутлади.
ae10cbd1-0086-478b-8f19-fcc95bf2ffae.jpg
– Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси илк маротаба мактабгача таълим муассасаси билан ҳамкорликда иш бошламоқда, – деди Умид Аҳмаджонов. – Авваллари бунақаси кузатилмаган. Мана, бугун бир қатор тадбирларда иштирок этиб, мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиларига Президентимиз совғаларини топширдик. Асосий мақсадимиз, уларда спортга бўлган қизиқишни ошириш. Умид қиламизки, келажакда улардан кучли спортчилар етишиб чиқади. Ким билади, балки бугун биз бўлажак футбол юлдузлари билан бир сафда тургандирмиз.
Ўзбекистон U-16 ва Қорақалпоғистон терма жамоаси майдонга тушиб асосий тадбирни бошлаб берди. Муросасиз кечган ўйинда 0-0 ҳисоби қайд этилди. Қорақалпоғистон ва Хоразм вилояти терма жамоалари ўртасидаги ўйинда 1-1 ҳисоби қайд этилди.
Спорт фестивали санъаткорларнинг концерт дастури билан давом этди. Тадбир якунида катта экранда 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган видеоролик намойиш этилди.

 

Есимхон Қаноатов, ЎзА