Спортчиларимиз ёруғ юз билан қайтиб келди

Беларусь Республикасининг Минск шаҳрида қўл жанги бўйича катталар ўртасидаги Европа очиқ чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 2 олтин, 3 кумуш ва 6 бронза медални қўлга киритди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида ғолиб спортчиларимиз тантанали кутиб олинди.
Мамлакатимизда ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишнинг муҳим воситаси сифатида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Пировардида, Ўзбекистон дунёга спорти жадал ривожланган мамлакат сифатида ҳам муносиб танилди.
13 (1).jpg
Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қўл жанги федерацияси томонидан яратилаётган кенг имкониятлар натижасида қўл жанги ёшларимизнинг энг севимли спорт турига айланди ва улар нуфузли мусобақаларда яхши натижаларга эришмоқда.
Қўл жанги бўйича катталар ўртасидаги Европа очиқ чемпионатида 26 мамлакатдан 200 спортчи ғолиблик учун куч синашди.
Вазни 60 килограмм бўлган спортчилар ўртасида Шаҳбоз Турсунов, 65 килограмм вазн тоифасида Олимжон Нормуродов олтин медални қўлга киритган бўлса, Зарина Олимжонова, Мадина Эргашева ҳамда Жаҳонгир Жумаев кумуш медаль билан тақдирланди.
Отабек Бобожонов, Муҳиддин Мамажонов, Гулжаҳон Норматова, Мафтуна Қувондиқова, Шаҳноза Низомова, Робия Қўчкоровалар бронза медаль соҳибига айланди.
7.jpg
– Давлатимиз мадҳияси янграб, Ватанимиз байроғи кўтарилганда шундай юртда туғилиб, вояга етаётганимдан ғурурланиб кетдим, – дейди чемпионат ғолиби Ш.Турсунов. – Халқаро майдонлардаги ғалабаларимиз мамлакатимизда ёшларнинг спорт билан шуғулланиши, иқтидорини намоён этиши учун яратилаётган кенг имкониятлар туфайлидир. Галдаги вазифамиз кузда бўладиган жаҳон биринчилиги ва жаҳон кубогига тайёргарлик кўриш ва яна зафар қозониш.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, Муҳаммад Амин (сурат) ЎзА