Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуида қишлоқ хўжалиги учун замонавий ускуналар ва технологияларнинг «Uzbekistan Agrotech Expo – 2018» XIII халқаро ихтисослаштирилган кўргазма-ярмаркаси ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаси ва машиналарининг «Uzbekistan Agromash Expo – 2018» VII халқаро ихтисослаштирилган кўргазмаси иш бошлади.
Мазкур кўргазмалар қишлоқ хўжалик техникасини ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва сервис хизмати кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳамда машина-трактор паркларини замонавий техникалар билан қайта жиҳозлашга кенг йўл очади.
Кўргазмаларда 110 дан ортиқ маҳаллий корхона, шунингдек, АҚШ, Германия, Италия, Туркия, Нидерландия, Исроил, Жанубий Корея, Россия, Қозоғистон, Украина сингари мамлакатларнинг 70 дан ортиқ йирик компаниялари иштирок этмоқда.
Кўргазма бўлимларида агросаноат комплекси учун кенг кўламдаги технологиялар, механизм ва ускуналар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш, фермер хўжаликлари учун модернизация қилинган иссиқхоналар, совутиш ускуналари ва шу турдаги техникалар тақдимоти бўлиб ўтмоқда.
– Иссиқхона даромадли соҳа, – дейди “МЕХМАШ” компанияси бўлим бошлиғи Бахтиёр Иномов. – 2010 йилда Наманган шаҳрида иш бошлаган компаниямизда арзон нархлардаги иссиқхона конструкциялари ишлаб чиқарилади. Томорқалар, фермер хўжаликларига лимон ва кўчат етиштириш учун ишлаб чиқилаётган махсус иссиқхона комплекслари сифати, чидамлилиги, ҳамёнбоплиги билан хорижникидан қолишмайди.
Очиқ майдонда пахта терими учун машиналар, комбайнлар, боғдорчилик тракторлари, ўсимликлар учун пурков техникалари, чопиқ ускуналари ва бошқа техника воситалари намойиш этилмоқда.
Кўргазма давомида иштирокчилар қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш технологиялари билан яқиндан танишиши мумкин. Шу билан бирга, хорижий корхоналарнинг кўргазма мавзуларига оид бўлимлар бўйича семинар ва тақдимотлари ҳам бўлиб ўтади.
Ушбу кўргазмалар фермерлар, ишлаб чиқарувчилар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қуруқ ва ҳўл мева-сабзавот экспорт қилувчи тадбиркорлар учун ажойиб бизнес майдони бўла олади.
Кўргазмаларнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Н.Отажонов сўзга чиқди.