Шу кунларда Ўзбекистон ўз миллий маҳсулотларини тақдим этаётган Германия пойтахтидаги “Grüne Woche” халқаро ярмаркаси давом этмоқда.

Ярмарка доирасида Берлиндаги элчихонамиз ташаббуси билан мамлакатимиз Савдо-саноат палатаси бошчилигида қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи ўзбекистонлик тадбиркорлар учун немис консалтинг компаниялар вакиллари томонидан маҳорат дарслари ташкил этилди.

Мулоқот чоғида Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси “Germany Agrikultur Alliance” уюшмаси директори Пер Бродерзен ҳамда «Müller Außenhandel e.V.» компанияси менежери Вальдемар Мюллер ўзбекистонлик тадбиркорларга Германияда бизнес юритиш тартиб-қоидалари ва ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўзлаб берди.

Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси, “Germany Agrikultur Alliance” уюшмаси директори доктор Пэр Бродерзен сўзига кўра, ушбу учрашув ҳар икки томон учун ҳам фойдали. Ўзбекистонлик тадбиркорларнинг бугун Европа Иттифоқи давлатларига, шу жумладан, Германияга ўз маҳсулотларини экспорт қилаётганликлари жуда қувонарли ҳолдир.

– Ҳар қандай хорижлик экспортёр учун Европа ва ГФР бозорларига кириш осон эмас, албатта. Чунки Европа Иттифоқи, айниқса, Германия бозорларида маҳсулот сифатига жуда юқори талаб қўйилади. Шу нуқтаи назардан, ўзбекистонлик экспортёрлар маҳсулотларнинг талабларга жавоб берадиган юқори сифатни таъминлашни йўлга қўйса, нафақат Германия, балки ЕИ бозорларида катта имкониятни қўлга киритган бўлади. Бундан ташқари, озиқ-овқат соҳасида ҳамкорликда иккита муҳим жиҳат ҳал қилувчи омилдир. Экспортёр ва импортёрларга қонунчилик томонидан қўйиладиган талаблардан ташқари европалик компаниялар учун узоқ йиллик шерикчилик, экспортёр томонидан маҳсулотни етказиб бериш қобилиятининг барқарор сақланиши муҳим ҳисобланади. Немис ишлаб чиқарувчилари, улгуржи савдо вакиллари ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар билан ўрнатилган бизнес алоқалари ишончли бўлишини хоҳлайди. Улар учун маҳсулот сифати доим бир хил даражада юқори бўлиши, сифат даражасининг барқарорлигини сақлаши зарур. Ушбу омиллар немис ишбилармонлари билан бизнес алоқаларини шакллантиришда ҳал қилувчи роль ўйнайди.

Ишончим комилки, Ўзбекистонда амалга ошилаётган чора-тадбирлар орқали аграр соҳада ЕИ, қолаверса Германия бозорларида мамлакат экспортёрлари ўз муносиб ўрнини эгаллайди, – деди у.

Маҳорат дарси давомида Германия мутахассислари Ўзбекистонда етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Европа бозорларига олиб кириш, янги ҳамкорлар топиш ва улар билан тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш, савдо келишувларига эришишда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар ва бу борада хорижий компанияларнинг тажрибалари билан ўртоқлашди.

– Бугунги Ўзбекистон элчихонасида ўтказилган тадбир жуда самарали бўлди, –деди „Müller Außenhandel e.V.“ ташқи савдо компаниясининг менеджери Вальдемар Мюллер. – Биз ташқи савдо борасида ўз тажрибаларимиз, Европа бозорида қўйиладиган талаблар ва шунингдек, келажакда биргаликда ҳамкорлик қилиш истиқболлари ҳақида фикр алмашдик. Компаниямиз йигирма йилдан буён Шарқий Европа ва Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ютуқларимиз билан биргаликда қийинчиликлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтдик. Биз келажакда муваффақиятли ҳамкорлик қила олиш учун муҳим ҳисобланган омилларни муҳокама қилдик. Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар, экспортёрлар жуда катта истиқболга эга. Чунки серқуёш Ўзбекистонда етиштириладиган маҳсулотлар савдоси билан шуғулланган ҳар бир хорижлик тадбиркор ўзбек мева ва сабзавотлари ўзига хос таъми билан ажралиб туришини жуда яхши билади.

Тадбир якунида ҳамкорлар ўзбекистонлик тадбиркорларни қизиқтирган барча саволларга жавоб берди.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА