Ўзбекистон Республикаси ва Дания Қироллиги ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганига 32 йил тўлди.

Ўзбекистон Данияни Европадаги муҳим ҳамкор деб билади ва ушбу давлат билан кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади.

Икки мамлакат ўртасида иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш, парламентлараро алоқа, шунингдек, ЕИ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида шериклик фаоллашган.

Дания қироллиги пойтахти  Копенгаген шаҳри. Давлат тузуми конституцияли монархия, мамлакатнинг амалдаги конституцияси 1953 йил 5 июнда қабул қилинган. Қонун чиқарувчи ҳокимият фаолиятини қиролича билан фолькетинг (бир палатали парламент) амалга оширади. Фолькетинг 179 депутатдан иборат. Ноиблар умумий тўғри ва яширин овоз бериш йўли билан 4 йил муддатга сайланади. Ижро ҳокимиятини қирол (қиролича) бошқаради. У бош вазир ва ҳукумат аъзоларини тайинлайди ёки лавозимидан озод этади.

Дания юксак даражада ривожланган индустриал-аграр мамлакат бўлиб, бошқа давлатлар билан фаол иқтисодий алоқа боғлаган. Хусусий сармоя усуворлик қилади. Ялпи миллий маҳсулотнинг 30 фоизи давлат секторига тўғри келади. ЯИМда саноат ва қурилишнинг улуши 26,4 фоиз, қишлоқ, ўрмон хўжалиги ва балиқчилик улуши 3,5 фоиз. Ишлаб чиқариладиган товарнинг 40 фоизидан кўпроғи четга сотилади.

Нефть, табиий газ, каолин қазиб чиқариш, машинасозлик, кемасозлик, кимё, озиқ-овқат саноати, нефтдан турли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ривожланган. Кишлоқ хўжалиги Дания иқтисодиётининг энг маҳсулдор тармоғи ҳисобланади. Мамлакатда 80 мингга яқин фермер хўжалиги бор.

Дания маориф тизимининг илк бўғини болалар боғчаси, 6 ёшдан 9 йиллик мажбурий таълим жорий этилган. Ўқиш муддати бошланғич мактабда 7 йил, кичик ўрта мактаб ва юқори ўрта мактаб (гимназия)да 3 йилдан, ҳунар-техника билим мактабида 1-3 йил. Олий ўқув юртига гимназия аттестати асосида танлов йўли билан қабул қилинади.

Мамлакатда 1742 йил Копенгагенда ташкил этилган Қироллик фанлар академияси, 1754 йилда асос солинган Нафис санъат академияси, 1937 йил Лингби шаҳрида очилган Техника фанлари академияси каби илмий масканлар, 20 дан зиёд илмий-текшириш муассасаси мавжуд.

Копенгагендаги Қироллик ва Муниципал, Орхусдаги давлат ва университет кутубхоналари, Миллий Қироллик нафис санъат музейи, Қироллик денгиз музейи, Оденседаги Xанс Кристиан Андерсен уй-музейи саёҳатчиларни жалб қиладиган манзиллар саналади.

Дания ОАВ тарихи мазмунли йўлни босиб ўтган. Илк бор 1772 йил 3 январдан Оденсе шаҳрида “Фьюн бюллетени” (Fyens Stiftstidende) кундалик газетаси чоп этила бошланган. Мамлакат ва дунё янгиликларига ихтисослашган, 1884 йилда ташкил этилган “Сиёсат” (Politiken) кундалик газетаси адади кўплиги билан ажралиб туради. “Фавқулодда газета” (Ekstra Bladet) ижтимоий-сиёсий нашри 1904 йилдан бери фаолият кўрсатади. “Суратли ҳафтанома” (Billed bladet) журнали, “Ахборот” (Information) кундалик газетаси, “Янги сиёсат” (New politic) ойлик журнали ва бошқа кўплаб замонавий, шунингдек электрон нашрлар мамлакат аҳолисини долзарб воқеалар, спорт ва маданият янгиликларидан бохабар қилиб боради.

Дания радио ва телевидениеси расман мустақил ҳисобланса-да, амалда ярим давлат ташкилотидир. Мамлакатдаги барча эшиттириш ва кўрсатувларни давлат назорат қилади.

Дания ахборот агентлиги “Рицау бюро” (Ritzaus Bureau)га 1866 йил 1 февралда машҳур журналист Эрик Рицау асос солган. У шимол янгиликлари, инглиз тилидаги хабарлар хизматини тақдим этиш учун Скандинавия ахборот агентликлари билан ҳамкорлик қилади.

1904 йил Эрик Рицау вафот этгач, унинг ўғли Лауриц Рицау 1916-1958 йиллар давомида агентлик бош директори бўлиб ишлаган.

“Рицау бюро” ахборот агентлиги 1939 йилда ташкил этилган ва “39- гуруҳ” деб номланган Ғарбий Европа давлат ва мустақил ахборот агентликлари ташаббуси аъзоси саналади.

2017 йил ноябрда агентлик “Scanpix” компаниясини сотиб олди. Ушбу корхона Даниядаги етакчи фотосурат агентлиги бўлиб, рақамли ва ҳужжатли архивида 25 миллиондан зиёд сурат мавжуд. Муассаса Норвегия, Швеция ва Эстониядаги турдош ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик қилади.

“Рицау бюро” ахборот агентлиги бугунги кунда 12 та йирик медиа гуруҳни бирлаштирган.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА