Вьетнамнинг Хошимин шаҳрида бўлиб ўтган таэквондо WTF бўича Осиё чемпионатида вакилларимиз иккита олтин, битта кумуш ва бешта бронза медални қўлга киритган ҳолда фахрли учинчи ўринни эгаллашди.
Мусобақанинг биринчи кунидаёқ 74 кг. вазнда Никита Рафалович барча рақибларини енгиб, олтин медал билан тақдирлангани ҳақида хабар берган эдик. Навбатдаги кунлар ҳам вакилларимиз учун медалсиз ўтмади. 67 кг.лилар ўртасидаги баҳсларни кўтаринки руҳда ўтказган ҳамюртимиз Нигора Турсунқулованинг кўксини ҳам олтин медал безатди. Таэквондо бўйича жаҳонда етакчилардан ҳисобланган Жасур Бойқўзиевнинг (87 кг.) фақат ҳал қилувчи баҳсда омади чопмади ва кумуш медал билан кифояланди.
Мадина Маннопова (46 кг.), Ниёзбек Пўлатов (58 кг.), Сардор Тоиров (63 кг.), Максим Рафалович (80 кг.) каби спортчиларимиз шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олишди. Турнирнинг сўнгги кунида Дмитрий Шокин (87 кг.) бронза медали соҳибига айланди.
Якунда 34 мамлакатдан 564 нафар спортчи иштирок этган қитъа биринчилигида ўзбекистонлик таэквондочилар жами 8та медаль қўлга киритишди ва умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллашди.
Ойбек Юнусов