Прокуратура ходимлари юқори касбий малака ва юксак инсоний фазилатлари билан давлат органлари хизматчиларига ўрнак бўлиши, ҳамиша адолат ва қонунийлик ҳимоясида туриши лозим.

 

Ш.М.Мирзиёев

 

XX аср бошларида Марказий Осиё халқлари сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳаётида катта ўзгаришлар юз берди. 1920 йил октябрь ойида Амударё бўлими Туркистон Автоном Совет Социалистик Рес­публикаси Сирдарё вилояти таркибидан маъмурий бўлинишини сақлаб қолган ҳолда худуди мустақил Амударё вилоятига ажратилди ва маъмурий маркази бўлган Петро-Алек­сандровск шаҳри Тўрткўлга ўзгартирилди. Вилоят икки уездга, яъни Шўрахон ва Чимбойга бўлинди.

Совет ҳокимияти қонунийлик ва хуқуқ тартиботнинг янги тартибларни ўрната бошлади, Халқ Комиссарлари Совети то­монидан 1917 йил 24 ноябрда 1-сонли «Суд тўғрисида”ги декрети қабул қилиниб, бутун Туркистон Республикаси худудида, шу жумладан Амударё бўлимида ҳам мавжуд суд институтлари, суд терговчилари ва прокурор назорати тўгатилди.

Қонун устуворлигини таъминлашда Ишчи деҳқон инспекцияси (Рабоче- крестьянская инспекция) ва Адлия Халқ Комиссарияти (НКЮ) муҳим рол ўйнади. Шунингдек, Давлат назорати халқ комиссарияти қонунларнинг бажарилишини назорат қилиб турди.

1922 йил март ойида РСФСР Адлия халқ комиссариати томонидан «Прокурор назо­рати тўғрисида»ги низом лойиҳаси тайёрланиб, 1922 йил май ойида у Бутун Россия Марказий Ижроия Қўмитасига кўриб чиқиш учун тақдим этилди. Муҳокама чоғида прокуратурани икки томонлама – марказий прокурату­ра органи ва маҳаллий ижроия қўмиталарига бўйсуниш бўйича ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилди.

Шу каби, 1922 йили 23 март куни Туркис­тон Республикаси Адлия халқ комиссариа­та ҳайъати томонидан «Давлат прокуратураси тўғрисида”ги декрети лойиҳаси муҳокама қилиниб, Халқ комиссарлари Совети ҳузуридаги қонунлар ташаббуси Комиссияси томонидан лойиҳани айрим ўзгартиришлар билан кўриб чиқиш учун ТуркМИҚга такдим этилиши мумкинлиги тўғрисида хулоса берилди.

Туркистон Республикаси Марказий иж­роия қўмитаси томонидан 1922 йили 9 май куни «Давлат прокуратураси тўғрисида”ги 54-сонли қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, прокуратура органларига умумий раҳбарлик қилиш Адлия Давлат прокурорига юклатилган бўлиб, ўз лавозимига кўра Адлия халқ комиссари бўлган. Комиссарият таркибида эса комиссар ўринбосари бошчилигида, унинг ёрдамчиси, инструктор, котиб, иш юритувчиси ва машинистка тарки­бида Давлат прокуратураси бўлими ташкил этилган.

Ўша йилда Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикаси Адлия халқ комиссари ва фавқулодда комис­сия раиси этиб тайинланган Дуст Мухамедович Устабаев 1922 йил­да Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикасининг биринчи прокурори ҳам этиб тайинланади.

Туркистон Республикаси Адлия халқ комиссарининг 1922 йили 10 май кунги 62-сонли буйруғи билан Амударё вилоятининг биринчи давлат прокурори лавозимига вилоят революция трибунали бошлиғи бўлиб ишлаган Верцинский Вацслав Романович тайинланган. Сўнг вилоят прокуратураси штатлари шакллантирилиши бошланиб, биринчи ходимлари Николай Гердман ва Владимир Самброскийлар давлат прокурорининг ёрдамчилари бўлса, Иван Севко алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчи лавозимида ишлаган.

Ўрта Осиёда 1920 йиллари тўсатдан пухта тайёргарлик кўрилмасдан бошланган миллий-худудий чегараланиш совет империясининг бўлажак Иттифоқдош Республикаларида ва миллий мухториятларида ўз “миллий хонадони” учун кескин курашни ва бир қатор зиддиятларни келтириб чиқарди.

Қорақалпоқ халқининг фидойи фарзандлари А.Досназаров, А.Қудабаев, И.Бекимбетов, К.Садуллаев, Қ.Авезов ва бошқаларнинг қаътияти, собитқадамлиги, сабот-матонати иттифоқ раҳбар органларини кўп асрлар мобайнида ўз миллий мустақиллиги  учун курашиб келган қорақалпоқ халқининг овозига қулоқ солишга  мажбур этди. 1924 йили Туркистон АССРнинг Амударё вилояти ва Хива хонлигининиг Хўжайли ҳамда Қўнғирот бекликлари ҳудудида Қозоғистон АССР таркибида, Қорақалпоғистон автоном вилояти ташкил этилди. 1924 йили 14 октябрда Бутун Иттифоқ Советлари Марказий Ижроий Қўмитасининг  иккинчи сессияси Россия Федерациясининг Қозоғистон мухтор Республикаси таркибида Қорақалпоқ мухтор вилояти ташкил этилганлигини тасдиқлади.

1923-1924 йиллари вилоят прокуратурасининг штатлари аввалгидек 6 та ходимлардан иборат эди. 1925-1936 йиллари мобайнида Қорақалпоқ Автоном вилояти прокурорлари лавозимида Тулебек Баймуратов (1924-1925 йил­лари), Георгий Деуленков (1925-1927 йил­лар), Омаргали Нурмухамедов (1927-1928 йиллари), Иван Егоров (1928-1929 йиллари), Сайлаубек Курмангалиев (1929-1930 йилла­ри), Аннақлыч Адакеев (1930-1933 йиллар), Петр Шестаков (1933-1934 йиллар) ва Анато­лий Пискуновлар (1935 йил) ишлаган.

1930-йил 20-июлда Қорақалпоғистон автоном вилояти РСФСР таркибига киради. Бу автономия вилоятни Республикага айланишини тезлатди. 1932-йил 20-мартда  Қорақалпоғистон автоном вилояти Қорақалпоғистон АССРга ўзгаради ва қайта ташкил этилади.

СССР МИҚ ва ХКС томонидан 1936 йил 20 июлда қабул қилинган қарор билан бирлашган (Иттифоқ-Республика) Адлия халқ комиссарияти ташкил этилиб, прокуратура ва тергов органлари эса бевосита СССР прокурорига бўйсунди.

1936 йили декабрь ойида қабул қилинган СССР Конституцияси ва унинг асосида 1937- йил февралда қабул қилинган Ўзбекистон ССР Конституциясида конунларнинг барча халқ комиссариятлари ва уларга бўйсунувчи муассасалар, айрим мансабдор шахслар ва фукаролар томонидан аниқ бажарилиши устидан «олий назорат» тушунчаси белгиланиб (ушбу алоҳида ваколат СССР прокурорига юкланган), Конституция конунчилигида илк маротаба прокуратура органларининг мақоми юқори даражада мустаҳкамланган.

1936 йили декабр ойида Қорақалпоғистон АССР Ўзбекистон ССР таркибига ўтказилиб, Қорақалпоғистон прокуратурасининг янги босқичи бошланди. Биринчи навбатда кадр­лар масаласидаги муаммолар одил ҳал эти­либ борилди, уларни маҳаллий кадрлар билан таъминлаш масаласига эътибор берилди. Шунингдек, туман ва шаҳар прокуратуралари фаолият кўрсатиш худудлари аниқ белгиланди.

1936 йили декабр ойида Қорақалпоғистон АССР прокурори лавозимига, Ўзбекистон ССР прокуратурасида прокурор ёрдамчиси лавозимида ишлаб келган Борис Иосифович Кузмич тайинланаган.

Хулоса қилиб айтганда, дастлабки 25 йил давомида «совет” прокуратураси узоқ йўлни босиб ўтиб, уни шартли равишда 3 та босқичга бўлиш мумкин.

Жумладан, 1918-1922 йиллар оралиғида «инқилобий конунийлик даври»да махсус на­зорат органлари мавжуд бўлмасдан, қонунлар ижроси устидан тегишли функциялари ижро этувчи ҳокимият томонидан амалга оширилди. Фақат, 1922 йил май ойида Адлия Халқ Комиссарияти таркибида прокуратура таш­кил этилиб, прокуратуранинг умумий ва суд назорати каби функциялари қонунчиликда мустаҳкамланди.

1922 йилда СССРнинг ташкил этилиши ва 1924 йили СССР ҳамда Ўзбекистон ССР Конституцияларнинг қабул қилиниши билан прокуратуранинг яна бир модели – СССР Олий суди прокуратураси пайдо бўлиб, суд органи таркибида назорат органининг мавжудлигини таъминлади. Шунингдек, 1922-1933 йилларда ихтисослаштирилган (ҳарбий ва транс­порт) ҳамда худудий прокуратуралар тизими ташкил этилди ҳамда прокуратуранинг назо­рат функциялари кенгайтирилган.

1930 йилларнинг иккинчи ярмида эса совет прокуратураси мустақил ва СССРда қонунлар ижроси ва суд фаолияти устидан олий назоратни амалга оширувчи давлатнинг марказлашган органи сифатида шаклланиб бўлган эди.

 

Уснатдин Зарипбаев

                                                          Қорақалпоқ давлат университети

«Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон тарихи»

кафедраси ассистенти.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги