2023 йил спортчиларимиз учун сермаҳсул бўлди. Улар Осиё ва жаҳон чемпионатлари ҳамда кубокларида, халқаро турнир ва Осиё ўйинларида мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб 151 олтин, 112 кумуш, 164 бронза, жами 427 меддални қўлга киритди. Ушбу ғалабалар Ўзбекистонда спорт соҳасига қаратилаётган улкан эътибор ва яратиб берилаётган шарт-шароитлар самарасидир.

Ўтган йилги мавсумда мамлакатимизда бир қатор нуфузли мусобақалар, жумладан, 1-18 март кунлари футбол бўйича “U-20″ ёш тоифасида Тошкент шаҳрида Осиё кубоги ўтказилди. Унда терма жамоамиз аъзолари муваффақиятли иштирок этиб, якунда олтин медаль ва мусобақа кубогини қўлга киритди. Уларнинг бу ғалабалари Президентимиз кўз ўнгида рўй бергани ва давлатимиз раҳбари томонидан медалларнинг қабул қилиб олингани, албатта, унутилмас хотира бўлиб қолди. Шунингдек, 3-5 март кунлари Тошкентда дзюдо бўйича “Катта дубулға” турнири ҳам ўтказилди. Унда полвонларимиз 3 олтин, 1 кумуш ва 4 бронза медалига сазовор бўлди.

14-16 апрель кунлари пойтахтимиз яна бир йирик спорт тадбири – Бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубогига мезбонлик қилди. Унда гўзал қизларимиз 1 та кумуш ва 3 та бронза медалини жамғарган бўлса, 26-30 апрель кунлари Самарқандда байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича “U-18″ ва “U-23″ ёш тоифаларида Осиё чемпионати ўтказилди. Унда эшкак эшувчиларимиз 6 та олтин, 12 та кумуш, 10 та бронза медалларига эга чиқди. Бокс бўйича эркаклар ўртасида илк бора Тошкент шаҳрида 1-14 май кунлари жаҳон чемпионати ўтказилди ва унда чарм қўлқоп усталаримиз 5 та олтин 2 тадан кумуш ва бронза медалини делегациямиз ҳисобига қўшиб қўйди. 22-29 июль кунлари волейбол бўйича “U-16″ ёш тоифасидаги Осиё чемпионати ҳам пойтахтимизда ташкил этилди ва ўсмирларимиз кумуш медал билан бирга жаҳон чемпионати йўлланмаси соҳибига айланди.

Мамлакатимизнинг юксак спорт салоҳияти, мустаҳкам моддий-техник база, яратилган шарт-шароитлар, тўпланган бой тажриба туфайли юртимизда ҳар қандай йирик спорт тадбири юқори савияда ўтказилиши халқаро спорт жамоатчилиги томонидан кенг эътироф этилмоқда. Шу боис юртимизда нуфузли спорт мусобақалари ва анжуманлари мунтазам ташкил этилмоқда.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, спортчиларимиз нафақат мамлакатимизда, балки жаҳон ареналаридаги нуфузли мусобақаларда ҳам бир қатор медалларни қўлга киритди. Аниқроғи, 2023 йилининг 18-26 январь кунлари Таиланднинг Бангкок шаҳрида бокс бўйича “U-22″ тоифасида Осиё чемпионати ўтказилиб унда вакилларимиз 9 олтин ва 1 тадан кумуш ҳамда бронза медалини қўлга киритди. 10-12 февраль кунлари эса Қозоғистоннинг Остона шаҳрида енгил атлетика бўйича ёпиқ иншоотлардаги Осиё чемпионатида 2 та олтин, 1 тадан кумуш ва бронза, 20-26 февралда Болгариянинг София шаҳрида бокс бўйича “Странжа” халқаро турнирида 7 олтин, 4 кумуш ва 5 бронза, 23 февраль-5 март кунлари Россияда ўтган “Кузбасс-2023″ қишки Осиё болалари ўйинларининг хоккей баҳсларида олтин медалга сазовор бўлди.

Ўтган йилги март, апрель ва май ойлари ҳам спортчиларимиз учун муваффақиятли ўтди. 15-26 март кунлари Ҳиндистонда бокс бўйича аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Навбаҳор Ҳамидова бронза медалига сазовор бўлган бўлса, 2-3 апрель кунлари Хитойнинг Уси шаҳрида таэквондо WT бўйича “Катта дубулға” турнирида 2 та олтин ва 1 бронза, 7-14 май кунлари Қатарнинг Доҳа шаҳри мезбонлик қилган дзюдо бўйича жаҳон чемпионатида 2 тадан кумуш ва бронза, 29 май-4 июнда Боку шаҳрида таэквондо WT бўйича жаҳон чемпионатида 1 кумуш ва 3 бронза медаллари жамғарилди.

Шунингдек, ёз ва куз мавсуми терма жамоаларимиз аъзолари учун ўта масъулиятли тарзда ўтди. Қиличбозликнинг сабля йўналишида Зайнаб Дайибекова Хитойнинг Уси шаҳрида 17-22 июнь кунлари ташкил этилган Осиё чемпионатида барча рақибларини енгиб олтин медаль соҳибасига айланди. 8-17 июлда эса Париж шаҳрида Пара енгил атлетика бўйича дунё биринчилигида паралимпиячиларимиз 6 та олтин 7 кумуш ва 4 бронза, “Париж-2024″ Паралимпия ўйинларида 19 та йўлланмани қўлга киритди. 28 июль-8 август кунлари Хитойнинг Чэнду шаҳрида Бутунжаҳон Универсиада ўйинлари ўтказилиб, унда делегациямиз 8 та кумуш ва 6 та бронза медаль билан юртимизга қайтди. 4-17 августда Беларусь Республикасида иккинчи МДҲ ўйинлари ўтказилди. Спортчиларимиз ўйинларда 28 та олтин, 25 та кумуш, 53 та бронза медалларини делегациямиз ҳисобига қўшиб қўйди. 4-6 август кунлари Будапештда дзюдо бўйича “Мастерс” туркумига кирувчи халқаро турнирда 1 та олтин ва 2 та бронза, 20-27 августда эса Бирмингем шаҳрида пара дзюдо бўйича жаҳон чемпионатида 1 та олтин, 2 та кумуш, 1 та бронза медали қўлга киритилди. 23-27 август кунлари Германиянинг Дуйсбург шаҳрида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионатида битта олтин медалга эгалик қилинди. Шу кунлари Испаниянинг Валенсия шаҳрида Тахмина Икромова бадиий гимнастика бўйича жаҳон чемпионатида Олимпия ўйинлари йўлланмасини ўзбек спортчилари ичида биринчи бўлиб қўлга киритди.

Саудия Арабистонида 4-17 сентябрь кунлари оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтди ва полвонларимиз 1 тадан олтин, кумуш, бронза медалларига эга чиқди. 16-24 сентябрь кунлари Сербиянинг Белград шаҳри спорт курашлари бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилди ва вакилларимиз унда 2 та бронза медали билан биргаликда “Париж-2024″ Олимпия ўйинларига 3 та йўлланмани қўлга киритди. 22-24 сентярь кунлари эса Мексикада пара таэквондо бўйича жаҳон чемпионатида 2 та олтин 1 тадан кумуш ва бронза, 23 сентябрь-8 октябрь кунлари Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтган XIX Осиё ўйинларида 22 олтин, 18 та кумуш 31 та бронза, 22-28 октябрда шу шаҳарда ташкил этилган IV Параосиё ўйинларида 25 олтин, 24 кумуш ва 30 бронза, 27-28 ноябрь кунлари эса Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида кураш бўйича жаҳон чемпионатида 7 та олтин, 1 тадан кумуш ва бронза медаллари спортчиларимиз томонидан мамлакатимизга олиб келинди.

Ўтган мавсумнинг яна бир муҳим воқеаси 12-25 ноябрь куни содир бўлди. Унда Афрўза Ҳамдамова Монтесильванода шахмат бўйича “U-14″ тоифасидаги жаҳон чемпионатида биринчи ўриндан жой олиб, дунё тожини кийган илк ўзбек қизига айланди.

Спортчиларимиз орасида 2024 йили Париж шаҳрида ўтадиган Олимпия ўйинларига ҳам йўлланмалар қўлга киритилди.

Жумладан, тарихда илк бор камондан отиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Таиландда ўтаётган “Париж-2024″ лицензион турнирда Олимпиада йўлланмасини қўлга киритди. Мазкур мусобақанинг аёллар ўртасида яккалик дастурида баҳс олиб борган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Зиёдахон Абдусатторова финалгача баҳсларни муваффақиятли ўтказди. Бу эса ҳамюртимизга Олимпиада йўлланмасини тақдим этди. Шу тариқа, камондан отиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихида илк бор Олимпиада йўлланмасига эга чиқди.

Халқаро велосипедчилар иттифоқи (UCI) томонидан эълон қилинган рейтинг якунига кўра, келаси йили Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига Ўзбекистон аёллар терма жамоаси 3 та, эркаклар термаси эса 1 та йўлланмага сазовор бўлди. Бу эса ўзбекистонлик велоспортчилар Олимпия ўйинларига биринчи бор 4 та йўлланма қўлга киритиши билан тарихда қолди.

27 декабрь куни Бутунжаҳон таэквондо федерацияси (WТ) “Париж-2024″ Олимпиадаси учун лицензион рейтинг очколарини жамғариш даври якунлангани ва у орқали Олимпиада йўлланмасини қўлга киритган спортчилар номини эълон қилди.

Унга кўра, таэквондо WT бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Улуғбек Рашитов (-68 кг.) ва Светлана Осипова (+67 кг.) “Париж-2024″ Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритди.

Қайд этиш жоиз, ҳамюртларимиз биринчи бор рейтинг орқали иккита йўлланмага эга бўлди. Шунингдек, қизларимиз ҳам илк маротаба тўғридан тўғри Олимпиада иштирокчисига айланмоқда. Умид қиламизки, спортчиларимиз тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида юксак натижа қайд этади.

Шу тариқа, 2023 йилги спорт мавсуми улкан ғалабаларга бой бўлди. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, юқорида санаб ўтилган медалларимиз фақатгина нуфузли мусобақаларда қайд этилган натижалар сарҳисобидир. Ушбу натижалардан ташқари ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасида бир қанча турнирлар ўтказилиб, уларда спортчиларимиз бир неча бор шоҳсупага кўтарилди. Агарда уларнинг ҳам сарҳисобини қилсак медалларимиз сонинг мингдан ортиши табиий. Энди спортчиларимиз 2024 йилда бир қатор нуфузли мусобақаларда Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига йўлланмаларни қўлга киритиш учун бор куч-ғайратларини ишга солади.

Ҳозирда спортчиларимиз мазкур мусобақаларга давлатимиз раҳбарининг «2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарори асосида тайёргарлик кўрмоқда.

Қарорга мувофиқ, Ўзбекистондаги спорт федерация ва ассоциациялар ўзларига қарашли бўлган ҳудудий бўлинмаларида моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, машғулот ва мусобақаларни замонавий талаблар даражасида ташкил этиш учун шароит яратиш, маҳоратли спортчиларни саралаб бориш тизимини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда. Ўзбекистон спортчилари халқаро мусобақаларга тайёргарликни бир қатор хорижий давлатларда ўтказиб келмоқда ва унда жисмоний, техник ва тактик тайёргарлик машқларида янада тобланмоқда. Шуни таъкидлаш лозимки, спортчиларимиз учун ҳар бир нуфузли мусобақалар олдидан халқаро ўқув-йиғин машғулотлари Ўзбекистон Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия ҳамда Паралимпия қўмиталари, федерация ва ассоциациялар томонидан ташкил этилаётир.

Ҳа, сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида спорт ёшларимиз ҳаётининг ажралмас қисмига айланмоқда. Улар орасидан истеъдодли спортчилар камол топиб, нуфузли мусобақаларда Ўзбекистон байроғини кўкларга кўтараётир. Умид қиламизки, ушбу йилда ҳам спортчиларимиз эришган ютуқлар сони ўтган йилгиданда юқори бўлади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА