Ўзбекистон Республикаси “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисида”ги қонунининг 45-моддасида ичимлик суви таъминоти ташкилотлари ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш бўйича хизматлар, шу жумладан, ичимлик суви таъминоти ташкилотлари томонидан ичимлик сувини транспортда етказиб бериш учун тарифларни қонунчиликда белгиланган тартибда ишлаб чиқиш белгиланган.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг яқинда бўлиб ўтган қирқ еттинчи сессиясида депутатлар томонидан ичимлик суви билан таъминлаш ҳамда оқова сув хизматларини яхшилашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги масала кўриб чиқилиб, ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш бўйича хизматлар учун тарифларга бир қатор ўзгартиришлар киритилган эди.
Тарифларга киритилган ушбу ўзгартиришларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида “Қорақалпоқ сув таъминоти” масъулияти чекланган жамиятида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар учун матбуот анжумани ташкил этилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Ш.Даулетияров, “Қорақалпоқ сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Қ.Халмуратов ва бошқалар сўзга чиқиб, сўнгги уч йил мобайнида ёнилғи-мойлаш материаллари 2,1 баробарга, зарарсизлантирирувчи реагент материаллари 1,5 баробарга, объектлерни қўриқлаш хизмати 1,7 баробарга, авария хизматларини бартараф этишга сарфланадиган материаллар 1,5 баробарга ва иш ҳақи 1,2 баробарга, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 15 сентябрдаги “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида жорий йил 1 октябрдан бошлаб электр энергияси тарифлари 2 баробарга, табиий газ тарифлари 2,3 баробарга ошиши ичимлик суви таннархининг янада ошишига олиб келганлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, республикада мавжуд 7013,1 километр ичимлик суви тармоғининг 107 километр оралиғидаги қувурлар, 277 сув иншоотидан 82 таси, 66 та оқова сув объектининг 21 таси эскиргани ва реконструкция ишларига муҳтожлиги қайд этилди. Жамиятга тегишли автотранспорт ҳамда механизмлар бугунги кун талабига жавоб бермайди. Шунинг натижасида Жамият ўтган йилнинг 9 ойини 20 миллиард 127 миллион сўм зарар билан якунлади.
Шундай қийинчиликларга қарамасдан, Жамият жамоаси аҳолини тоза ичимлик суви билан узлуксиз таъминлашда астойдил меҳнат қилмоқда.
Тадбир доирасида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар “Қорақалпоқ сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти марказий лабораторияси ҳамда сув тақсимлаш иншооти фаолияти билан танишди ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари