Россия-Украина ўртасидаги зиддият, Трампнинг Оқ уйга қайтиши мумкинлиги, Европа Иттифоқи ичидаги ислоҳотлар ва Европа парламентига сайловлар – буларнинг ҳаммаси, 2024йилда Европа Иттифоқи учун қандай аҳамият касб этиши мумкин? Ушбу саволларга жавоб тариқасида “Deutsche Welle” нашри экспертлар тахминларини эълон қилди.

ЕИга аъзо 27 давлат Украинанинг Россия тажовузидан мудофаасини зарур бўлган вақтгача қўллаб-қувватлашга ваъда берди, чунки бу урушда Россиянинг ғалаба қозониши бутун Европа хавфсизлигига таҳдид солади деб ҳисоблашади. Европа Иттифоқи 2024  йилда ҳам бу йўналишда қоладими?Балки кутилмаган вазиятлар бундай қарордан воз кечишга мажбур қилар?

Украина-Россия ўртасидаги зиддиятга қарашлар ўзгармоқдами?

Нима учун бундай дейилмоқда? Сабаби, Брюсселда сўнгги пайтларда урушдан умумий чарчоқ вужудга келгани ва Европа Иттифоққига аъзо давлатларнинг Украинани қўллаб-қувватлашда бирдамлигининг камайгани ҳақида кўпроқ гапирилмоқда. Бунга Венгриянинг тутган позициясини мисол қилишимиз мумкин. ЕИ Украинага молиявий ёрдам кўрсатишни бир овоздан маъқуллаш учун кўп ҳаракат қилиши керак эди, аммо натижа бундай бўлмади. Буни аъзо давлатлар ичидан чиққан турлича қарашлар билан изоҳлаш мумкин. Шунинг учун ҳам 2024 йилда Киев Москва билан тинчлик музокаралари олиб борадими ёки йўқми, Украинани қўллаб-қувватлаш стратегияси сўроқ остида қолиши мумкин. “Бизнинг мақсадимиз адолатли ва мустаҳкам тинчлик бўлиб қолиши керак, асло музлатилган можаролар эмас,” – деган Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен. – Украина учун барқарорлик ва фаровонликка эришишнинг энг яхши йўли бу унинг ЕИга аъзо бўлишидир.

Украина ва Молдованинг ЕИга аъзо бўлишига кимлар “ғайирлик” билан қарашмоқда?

Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Украинанинг мазкур тузилмага қўшилишини ҳали эрта деб ҳисоблайди. Украина ва Молдова билан аъзолик бўйича музокаралар 2024 йилда бошланиши кутилмоқда. Экспертлар фикрича, урушдан вайрон бўлган Украинани ўз сафига қабул қилиб, ЕИ катта харажатларга дучор бўлади. Шунинг учун, ҳатто Украинанинг Польша ва Болтиқбўйи мамлакатлари каби дўстлари ҳам ўз розилигини билдиришга шошилмаяпти. Сабаби, ЕИ ёрдамини олувчилардан улар Украинага ёрдам бериш учун маблағ ажратиладиган ЕИнинг қўшма бюджетига бадал тўлайдиган донорларга айланиши мумкин. Бу эса кўпчиликни ўйлантирмоқда. Шунинг учун ҳам Украина ва Молдованинг ЕИга кириши бўйича музокаралар тез орада бошлансада, йиллар давом этади, дея ишонтиришга ҳаракат қилмоқда ЕИ расмийлари.

Айни пайтда 20 йилдан бери ЕИга аъзо бўлиш  навбатини кутаётган Ғарбий Болқон давлатлари Молдова ва Украинанинг жуда тез аъзо бўлишга ҳаракат қилаётганини бироз ғайирлик билан кузатишмоқда.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, Черногория, Албания ва Шимолий Македония давлатларида Россия ва Хитойнинг таъсирини камайтириш керак. Аммо Сербия, Косово, Босния ва Герцеговина учун ЕИ га қўшилиш истиқболлари унчалик аниқ эмас, чунки, мавжуд миллатлараро можаролар салоҳияти бу жараёнда жиддий тўсиқ ҳисобланади. Бу тўсиқлар албатта, аъзо бўлиш шартларига мос келмайди.

Янги аъзоларни қабул қилишдан олдин Брюсселда ислоҳот жараёнлари якунланиши ва ЕИни молиялаштириш масаласи ҳал қилиниши керак. Франция президенти Эммануэл Макроннинг таъкидлашича, фақат суверен, иқтисодий жиҳатдан кучли Европа янги аъзоларни қабул қилишга қодир. Германия ҳукуматининг ҳам бу борада ўз таклифлари бор. Масалан, улар ЕИни шундай ислоҳ қилишни таклиф қилмоқдаки, қарорлар ЕИга аъзо давлатларнинговози билан қабул қилиниши мумкин. Шунинг учун ҳам бундай тартиб-қоидалар 2024 йилда ўзгарадими ёки йўқми, номаълум, дейди Брюсселдаги дипломатлар. Сабаби, Брюсселда қарор қабул қилишнинг амалдаги тартибини ўзгартириш учун ЕИга аъзо барча давлатларнинг бир овоздан розилиги талаб қилиниши ҳаммага маълум.

Ўтган йилларда ЕИ Венгрия ва Польшани вето ҳуқуқидан фойдаланиб, Брюссел қарорларини бекор қилишга ишонтира олмади. Қонун устиворлиги тамойилларининг бузилиши билан боғлиқ суд жараёнлари ҳозиргача ҳеч қандай натижа олиб келмаган. Яна шундай тахминлар борки, 2024 йилда Венгрия бош вазири Виктор Орбан ўз лавозимидан воз кечмоқчи эмас. Польшада эса Европа Кенгашининг собиқ раҳбари Дональд Туск ва унинг партияси ҳокимиятга келганидан сўнг, ЕИда бўладиган ўзгаришларга катта умид қилмоқда.

Дональд Трампнинг Оқ уйга эҳтимолий қайтиши

Агар республикачи Дональд Трамп бўлаётган қаршиликларга қарамай Оқ уйга қайтса, бу ЕИ ва Нато учун қийин кунларни англатади, дейишмоқда экспертлар. Чунки, Европа Украинани қўллаб-қувватлаш, Россияни тийиб туриш ва савдо алоқаларида АҚШдаги энг муҳим иттифоқчисини йўқотиш хавфи бор. Сабаби, Байден билан Трампнинг юқоридаги масалаларда қарашлари турлича эканлиги ҳаммага маълум.

Башорат қилиб бўлмайдиган Трампни назорат остида ушлаб туриш учун ЕИ Украинага ҳарбий ёрдамни мустақил равишда молиялаштиришни давом эттиришни таклиф қилиши мумкин холос. Кўпгина ЕИ давлатларининг энг муҳим савдо шериги Хитой билан муносабатлар Трамп даврида янада ёмонлашадими?

Бу ҳолда, дунё янада беқарор бўлади. Фақат Венгрия бош вазири Дональд Трампни ўз иттифоқчиси сифатида кўришдан хурсанд бўлади холос, дейишмоқда таҳлилчилар.

Жорий йилда бўладиган Европарламент сайловларида 400 миллион сайловчи овоз беради. Бу сайловлардан кейин кўпчилик катта ўзгаришлар бўлишига умид қилмоқда. Баъзи бир партияларнинг кучайиши ва ЕИ ишларига таъсир кўрсатиши мумкинлигини башорат қилишмоқда. Евробарометр сўровига кўра, европалик сайловчиларни ташвишга солаётган энг муҳим мавзу бу нима биласизми? Бу уларнинг иқтисодий аҳволи ва турмуш даражасидир. Украина, миграция, ислоҳотлар ва ЕИнинг кенгайиши улар учун фақат иккинчи даражали мавзулар.

Эҳтимол, 2024 йилда немис сиёсатчиси Урсула фон дер Ляйен Еврокомиссия раҳбари бўлиб қолар. Аммо Европа парламенти уни бу лавозимга тасдиқлаши керак. Европа иттифоқига аъзо 27 давлатнинг барча ҳукуматлари унинг номзодини биргаликда тақдим этиши керак.

Европаликлар нимани кутмоқда?

Аввало ЕИ бир қатор муҳим масалаларни ҳал қилиб олиши керак: бошпана тизимини ислоҳ қилиш, миграция пактининг кучга кириши, ваҳоказо. Шунингдек, мазкур тузилма молиялаштириш, сунъий интеллект, иқлимни муҳофаза қилиш ва бошқа шу каби янги қоидаларга ҳам муҳтож.

Еврокомиссия ўз навбатида ЕИнинг етти йиллик бюджетини яъни, 1,1 триллион еврони яна 66 миллиардга оширишни режалаштирмоқда. Бироқ буларнинг барчаси ЕИ фуқароларини унчалик ташвишга солмайди. Ижтимоий сўров натижаларига кўра, улар Брюссель томонидан қабул қилинган қарорларга таъсири чекланганлигидан шикоят қилишсада, улар ЕИ келажагини оптимистик тарзда баҳолайдилар. Европа Иттифоқини 2024 йилда нималар кутаётганини айтиш барибир тахминларга асосланган. Лекин ЕИни нималар кутаётгани унга аъзо давлатлар раҳбарларининг  ўзаро келишувлар асосида фаолият олиб боришларига боғлиқ.

Интернет материаллари асосида К.Бекжанов тайёрлади, ЎзА