Жорий йилги спорт мавсуми якунланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Келаси йили эса спорт оламида кўплаб нуфузли мусобақалар ўтказилади. Шу кунларда дунё ва ўзбек спортчилари ҳамон турли мусобақаларда иштирок этмоқда ҳамда нуфузли мусобақалар олдидан ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда. Бугунги спорт хабарларимиз шарҳида дзюдо, футбол, шахмат, енгил атлетика ва қиличбозлик ҳақидаги хабарларга тўхталиб ўтамиз.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари ва мамлакат дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов пойтахтимизда дзюдо бўйича бир қатор мураббийлар иштирокида йиғилиш ўтказди. Унда турли халқаро мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриш, аниқроғи “Париж-2024″ Олимпиадасига муҳим тайёргарлик кўриш кераклигини таъкидлаб ўтди. Ушбу тайёргарлик жараёнида ҳеч қандай хатоларга йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантирди. Шунингдек, Ўзбекистон дзюдо федерацияси нафақат “Париж-2024″, балки “Лос-Анжелес-2028″ Олимпиадалари учун тайёргарликни ҳозирнинг ўзидан бошлаши кераклиги айтиб ўтилди. Йиғилиш давомида мураббийларнинг саволларига ҳам тўлиқ жавоб қайтарилди.
Шунингдек, терма жамоа спортчилари билан ҳам яқиндан суҳбат ўтказилди. Унда якунланаётган йил таҳлил қилинди, келгуси мавсумда жаҳон ва Олимпиада рейтингида юқори поғоналарга кўтарилиш вазифаси қўйилди.
* * *
Шу кунларда Бирлашган Араб Амирликларининг Ал-Айн шаҳрида Абдураҳмон Абдуллаев, Баҳромжон Газиев ва Бекзод Қурбонов каби чавандозларимиз халқаро мусобақаларда иштирок этмоқда. Мазкур от спорт бўйича ўтаётган мусобақа конкур йўналишида ташкил этилган.
* * *
Бугун Осиё чемпионлар лигаси плей-офф босқичига қуръа ташланади. Унга кўра Ўзбекистоннинг икки клуби ўз рақибларини билиб олади. Қуръа Малайзия пойтахти Куала-Лумпурдаги ОФК Бош қароргоҳида ташкил этилади.
Қуръадан сўнг ОФК қароргоҳида ОЧЛ плей-офф босқичи иштирокчи клублари вакиллари учун семинар ҳам ташкил этилади ва унда навбатдаги босқичнинг ташкилий масалалари ҳамда рўйхатдан ўтиш юзасидан маълумот берилади.
* * *
Футбол бўйича “Манчестер Сити” бош мураббийи Пеп Гвардиола Эрлинг Ҳолланднинг бу йил бошқа майдонга тушмаслигини маълум қилди. Бундан келиб чиқадики, Ҳолланд 2023 йил тўпурарлари баҳсидан чиқади ва бу ҳолат 38 ёшли Криштиану Роналду учун пешқадам бўлишга катта имконият яратади.
Ҳозирда Роналдунинг киритган голлари сонини 53 тага етди ва у мазкур жадвалнинг биринчи поғонасида бормоқда. Ундан сўнг Килиан Мбаппе, Харри Кейн 52 тадан гол ва Эрлинг Ҳолланд 50 та гол билан жадвалдан ўрин олган.
* * *
“Реал Мадрид”нинг ҳужумкор ярим ҳимоячиси Браим Диас декабрь ойида жамоанинг энг яхши футболчиси деб топилди. Декабрь ойида 24 ёшли футболчи барча турнирларда бешта ўйин ўтказиб, иккита гол урди ва битта голли узатмани амалга оширди. “Реал” Ла Лиганинг 18-туридан кейин 45 очко билан пешқадамлик қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 3 январь куни “қаймоқранглилар” Испания чемпионатининг 19-турида ўз стадионида “Малёрка”ни қабул қилади.
* * *
Самарқанд шаҳрида шахматнинг рапид йўналиши бўйича жаҳон чемпионати ўтказилмоқда. Ушбу мусобақанинг эркаклар ўртасидаги баҳсларининг 9-тури якунига етди.
9 та ўйиндан сўнг норвегиялик Магнус Карлсен 7 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Шунингдек, Владимир Федосеев (Сербия), Янгйи Ю (Хитой) да ҳам 7 очкодан мавжуд.
Ўзбек спортчилари орасида эса Жаҳонгир Воҳидов ва Нодирбек Абдусатторов ҳисобида 6 очко бор. Шунингдек, Муҳиддин Мадаминов ҳамда Жавоҳир Синдоров 5,5 очко жамғарган.
* * *
2024 йилнинг 19 январидан 1 февралга қадар Корея Республикасининг Кангвон шаҳрида ўсмирлар ўртасида IV қишки Олимпиада ўйинлари ўтказилади.
Аҳамиятлиси, ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этадиган бўлди.
Аввалроқ, тоғ чанғиси бўйича ўзбекистонлик спортчилар Самандар Асанов, Рауан Раимқулов ва Сабина Режепова Австрия ҳамда Италиядаги лицензион турнирда иштирок этиши ҳақида хабар берган эдик. Қувонарлиси, спортчиларимизнинг барчаси “Кангвон-2024″ қишки ўсмирлар Олимпиадасига йўлланма киритди.
Аммо ушбу спорт турида Ўзбекистон терма жамоасига 1+1 кўринишидаги квота ажратилгани боис, мураббийлар штаби Рауан Раимқулов ҳамда Сабина Режеповани мусобақада иштирок этиш учун танлаб олди.
* * *
Ўзбекистон енгил атлетикачилари Осиё қитъаси миқёсидаги мусобақаларда қўлга киритган медаллари сони бўйича тарихи натижа қайд этди. Осиё мавсумининг асосий старти бўлган XVX ёзги Осиё ўйинлари ва барча ёш тоифаларидаги Осиё чемпионатида терма жамоамиз 12 олтин, 15 кумуш ва 11 бронза, жами 38 бронза медалини қўлга киритди.
* * *
2024 йилнинг 19 январь куни Қозоғистоннинг Алмати шаҳридаги “Балуан-Шолак” аренасида Аралаш жанг санъатлари (ММА) бўйича “Octagon 54″ мусобақаси ўтказилади. Мусобақада асосан, ўзбекистонлик жангчилар Қозоғистон вакилларига қарши жанг қилади. Мусобақанинг ярим ўрта вазн тоифасида ўзбекистонлик аралаш якка кураш устаси Азизхон Азимов (4-2-0) тожикистонлик Фарҳод Давлатовга (7-3-0) қарши беллашади.
Эслатиб ўтамиз, Фарҳод Давлатов сўнгги жангини Octagon лигасининг ўзбекистонлик чемпиони Муҳаммаджон Қурбоновга қарши ўтказиб, муддатидан олдин имкониятни бой берган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА